Ўзбекистон | 08:43 / 06.03.2021
5139
3 дақиқада ўқилади

Жазони ижро этиш муассасаларига ташрифни ташкил этиш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Дипломатик корпус, халқаро ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг жазони ижро этиш муассасаларига ташрифини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, жазони ижро этиш муассасаларига (кейинги ўринларда – ЖИЭМ) ташриф мурожаат асосида ташкил этилади. Республика ва маҳаллий ННТ ҳамда ОАВ вакиллари ЖИЭМга ташрифга рухсат олиш учун ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш бош бошқармасига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
 
Бунда мурожаат хатида кириш вақти ва мақсади, учрашувда қатнашувчи шахслар ҳамда учрашадиган маҳкум фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилади. Мурожаатга қуйидагилар илова қилинади:

ЖИЭМга кирувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт, ID-картаси ёки бошқа ҳужжатлар) нусхаси;

адлия органларида давлат рўйхатидан ёки қайта рўйхатдан ўтгани ҳақидаги гувоҳнома нусхаси (ННТ учун);

ОАВ вакилларининг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;

ЖИЭМда ўтказиладиган тадбир (дастур) лойиҳаси.
 
Республика ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ОАВ вакилларининг ЖИЭМга ташрифини ташкил этиш схема (Низомга 1-илова) асосида амалга оширилади.
 
ЖИЭМга киришга рухсат олиш тўғрисидаги мурожаат у тушган кундан бошлаб 15 кун ичида ЖИЭББ томонидан кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича мурожаат қилувчига ёзма (электрон) хабар юборилади.
 
ЖИЭМга кириш учун рухсат олиш ҳақидаги мурожаат қуйидаги асосларга кўра ЖИЭББ томонидан рад этилиши мумкин:

қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, шунингдек, тезкор вазият кескинлашганда (маҳкумлар ва бошқа шахслар ҳаётига жиддий хавф пайдо бўлганда) маҳкумлар, ходимлар, ҳарбий хизматчилар ва муассаса ҳудудидаги бошқа шахслар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида;

олдинги ташрифлар мобайнида тартиббузарлик ҳолатлари содир этилгани аниқланганда;

ташриф буюрувчилар томонидан ёлғон маълумот тақдим қилинганда;

фавқулодда вазиятлар (табиий офатлар ва техноген тусдаги вазиятлар) ҳамда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши даврида.
 
ЖИЭМга ташриф буюриш учун дипломатик корпус, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлар ва хорижий ОАВ вакиллари ТИВга, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган ташкилотлар эса – Адлия вазирлигига тегишли мурожаатнома юбориши лозим.
 
Дипломатик корпус, халқаро ННТ ва хорижий ОАВ вакилларининг жазони ижро этиш муассасаларига ташрифини ташкил этиш схема (Низомга 2-илова) асосида амалга оширилади.
 
ТИВ ёки Адлия вазирлиги ЖИЭМга ташриф ҳақидаги мурожаатни олгач, уни 5 иш кунида кўриб чиқади ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш бош бошқармасига юборади.

Мавзуга оид