Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 10 мартда ўтказган кузатувларига кўра, Тошкент шаҳрининг «Эски жўва» ва «Қўйлиқ деҳқон бозор»ларида маҳаллий пахта ёғи 11 минг сўмдан (минимал нарх), «Фарҳод деҳқон бозори»да кунгабоқар ёғи 19500 сўмдан (максимал нарх) сотилмоқда.
Қўмита феврал ойининг мос даврида эълон қилган хабарида, кунгабоқар ёғи (максимал) «Миробод деҳқон бозори»да 19 минг сўмдан сотилаётганди. Шунингдек, Kun.uz ўрганишларига кўра, шу даврда «Қўйлиқ деҳқон бозори»да кунгабоқар ёғи ўртача 17-19 минг сўм, айрим кунгабоқар ёғи турлари (масалан, «Идеал» ёғи) 30 минг сўм атрофида сотилаётгани маълум бўлди.
«Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси» маълум қилишича, ўсимлик ёғи нархи 17 фоизга ошган.
Товар-хом ашё биржасида пахта ёғи нархида барқарорлик кузатилмоқда: 2021 йил 18 феврал ҳолатига кўра, пахта ёғи биржада 12 664 сўмдан сотилган бўлса, ўтган ойнинг мос даврида 12 892 сўмга баҳоланган.
Ўзбекистонда нега пахта ёғи нархида барқарорлик кузатилаётган бир пайтда кунгабоқар ёғи нархи кескин ошди?
Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси раиси ўринбосари Қамар Серкаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, кунгабоқар ёғи нархи ошишига катта ҳажмда озиқ-овқат хомашёларини етиштирадиган давлатларда ҳам пандемия туфайли ўз-ўзини изоляция қилиш туфайли ерларга экин экилмай қолиб кетгани, шунингдек, экинларга яхши қаралмагани натижасида ҳосил камайгани сабаб бўлган.
«Нафақат ўсимлик ёғи, балки барча озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича нархлар 2020 йилнинг 4-чорагида ўсиш кузатилди. Ёғ-мой бўйича энг катта хомашё базамиз Россия ҳисобланади. Россиянинг ўзида ҳам ўтган йили 15 миллион тоннадан кўпроқ мойли хомашё етиштирилган, бу йил 12,5 миллион тонна деб маълумот берилди. Россия ўз эҳтиёжларига ўрта ҳисобда хомашёнинг 8 миллион тоннасини ишлатадиган бўлса, одатда 6,5 миллион тоннасини экспортга - Ўзбекистон, Қозоғистон, Aфғонистон, Туркия ва энг катта харидори Хитойга сотади. Натижада салкам 2,5-3 миллион тонна ҳосил кам олинди ва четга сотадиган хомашёси ҳам кам чиқди.
Шунинг натижасида Россия ўз бозоридан маҳсулот чиқиб кетмаслиги ва бозорини ҳимоя қилиш учун турли тўсиқлар қўйди. Бугунги кунда Ўзбекистон Россиядан мойли хомашёлардан, асосан, кунгабоқар, соя уруғи сотиб оладиган бўлса, 30 фоизлик божхона божи қўйилади. Масалан, 400 долларга бир тонна хомашё сотиб олинса, бирданига 120 доллар устига қўйилади. Натижада хомашё қиммат кириб маҳсулот нархи қимматлашган», деди уюшма раиси ўринбосари.






