“Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, ҳужжат лойиҳаси давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ишларини янада такомиллаштириш, мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича ўтказиладиган танловларни ошкоралик, маблағлар иқтисодий самарали сарфланиши тамойиллари асосида ўтказиш мақсадида ишлаб чиқилди.
Мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни овқатлантиришни ташкил этиш масалаларида муаммолар ечимини топиш, тизимда тарбияланувчиларни соғлом овқатлантириш даражасини кўтариш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда, мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантиришни ташкил этишнинг замонавий молиявий тизими яратишни таклиф этмоқда.
Мазкур таклиф этилаётган тизим қўйидагиларни таъминлайди:
- маҳсулотлар сифати ва хавфсизлиги назоратини тартибга солиш;
- харид қилиш нархларини барқарорлаштириш, хомашёлар қабул қилиш жараёнини сифатли назоратга олиш;
- овқатлантиришни ташкил этиш жараёнига юқори малакали мутахассислар (инженер-технолог, шифокор-диетолог, ишлаб чиқариш назорати бўйича мутахассислар)ни жалб этиш;
- ишлаб чиқаришни ташкил этишдаги кириб келаётган ва истеъмолга чиқарилаётган хомашё ва тайёр маҳсулотларнинг лаборатория усулларидан фойдаланган ҳолда тўлақонли назоратини олиб бориш;
- болалар рационидан келиб чиққан ҳолда, танлаб олишга имконият берадиган кенг ассортиментда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш;
- ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотларни истеъмолчига етказиб бериш жараёни барча босқичларидаги йўқотишларни пасайтиришга (юқори даражада технологик жиҳозларни қўллаш, ишлаб чиқариш ҳисобини юритиш ва назорат қилишнинг янги замонавий тизимини жорий этиш билан) эришиш;
- тайёр маҳсулотларнинг таннархи пасайиши, ишлаб чиқариш жараёнидаги сарф-харажатларнинг (электр энергияси сарфи, тайёр маҳсулот ҳисобида амортизация қисми, ишчи ходимлар сони) қисқариши.
Лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги 626-сон қарори айрим бандларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

















