Солиқ маслаҳатчиси Aбдуғани Муҳаммадбоевга кўра, «обналчилар иши» юзасидан тадбиркорлар солиқ органининг ҳаракатига қонуний баҳо берилишини сўраб судга мурожаат қилган. Экспертнинг таъкидлашича, ЎзР Солиқ кодексига мувофиқ, солиқ идораси жараён судда кўрилаётганда ижрони тўхтатиб туриши керак, аммо идора ижрони давом эттирмоқда.
Гап нимада?
Шу йилнинг феврал ойида бошланган «обналчилар» можароси атрофида баҳс-мунозаралар тинмаяпти. Мустақил экспертлар, ижтимоий тармоқлар орқали қилаётган чиқишларида Давлат солиқ қўмитаси хатти-ҳаракатларига баҳо беришмоқда. Хусусан, «М-Фактор» лойиҳасига интервю берган солиқ маслаҳатчиси Aбдуғани Муҳаммадбоев ушбу масала юзасидан солиқ идораси ҳаракатининг қонуний асосларига тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, 11 февралдан давлат бюджетига тўланмаган ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи-таҳр.) суммасини ундириш билан боғлиқ «солиқ қарзи» қаердан пайдо бўлгани 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларини қийнамоқда.
«Ҳолат 3 февралдан бошланди. 11 февралдан тадбиркорлар солиқ идораси томонидан тўланмаган ҚҚС суммасини тўлаш бўйича талабномалар ола бошлашди. Талабнома икки хил бўлади. Биринчиси: солиқ текшируви натижасида солиқ тўловчига тақдим этиладиган талабнома. Бу солиқ ҳисоботларида аниқланган камчиликларни бартараф этишга доир бўлади. Иккинчи тури юзага келган солиқ қарздорлигини бартараф этиш тўғрисида.
Биз гапираётган ҳолатда тадбиркорга солиқ қарзини бартараф этиш хусусида талабнома келган. Энди савол туғилади: солиқ қарзи қаердан пайдо бўлди? Солиқ қарзи пайдо бўлиши учун ё солиқ тўловчининг ҳисоботи натижасида тўланмай қолган маблағ, кечроқ тўлаган бўлса пеня, ёки солиқ текшируви жараёнида қандайдир қўшимча ҳисобланган солиқлар, пенялар, жарималар бўлиши лозим. Шу иккита ҳолатдагина солиқ қарзи пайдо бўлиб қолиши мумкин», - дейди у.
Иш судда кўрилади
Муҳаммадбоевнинг сўзларига кўра, тадбиркорлар солиқ бошқармасига эътироз билдирган тақдирда низоли вазият судда кўрилиши керак.
«Солиқ идораси солиқ тўламаслик хавфи катта бўлган ёки ҚҚС тўловчиси деган гувоҳномаси бекор қилинган субъектлар билан алоқа қилган солиқ тўловчиларга ҳисобга олинган солиқ суммасини бюджетга тўлашни талаб қилмоқда. Бунда Солиқ кодексининг 266-моддасига мурожаат қилиняпти. Солиқ органида шундай ҳуқуқ бор. Солиқ кодексининг махсус қисмида ҚҚС солиқ органига бу ҳуқуқ берилган бўлса, кодекснинг умумий қисмида процессуал тартиблар белгиланган. Яъни, солиқ органи мурожаат қилаётган 14-моддага асосан солиқ органи “кўзбўямачилик учун тузилган битимларни солиқ ҳисоблашда инобатга олмасликка ҳаққим бор”, - демоқда. 14-модданинг тегишли қисмида кўзбўямачилик масаласи ёки солиқ органи битимни ҳақиқий эмас деб топса-ю, солиқ тўловчи эътироз билдирса, бу масала фақат судда ҳал этилиши белгилаб қўйилган», - дея таъкидлайди эксперт.















