10:40 / 25.03.2021
6501

Таҳлилчилар Ўзбекистонда талаб юқори бўлган йўналишларга авиачипталар нархлари ўсиш суръатларини ҳисоблаб чиқди

2020 йилда ўзбекистонликлар орасида кўпинча Россия, Туркия, Қозоғистон, Беларус ва Жанубий Корея давлатларига авиачипта харид қилиш учун талаб юқори бўлган. Шу билан бир қаторда, ушбу йўналишлардаги авиачипталар нархи сезиларли даражада ошган.

Aviasales маълумотига кўра, айни пайтда Ўзбекистондан Россияга парвоз нархи 391 долларни ташкил этади, бу 2020 йилга нисбатан 55 фоизга қимматроқдир. Туркияга чиптанинг нархи ўртача 359 долларни ташкил этади, бу ўтган йилга нисбатан 8 фоизга кўпдир.

Таъкидланишича, ўзбекистонликларнинг саёҳатга бўлган қизиқиши ҳали ҳам юқори даражада. Банд қилинган авиачипталар сони ковидгача бўлган даражага нисбатан 30 фоизга, қидирувлар сони эса 71 фоизга тикланган.

2020 йилда ўзбекистонликлар орасида кўпинча Россия, Туркия, Қозоғистон, Беларус ва Жанубий Корея давлатларига чипта харид қилиш учун талаб юқори бўлган. 2019 йилда авиачиптага талаб юқори бўлган давлатлар учлигини Жанубий Корея якунлаган, Хитой бешинчи поғонани эгаллаган. Оммабоп йўналишлар рўйхатининг ўзгариши ва талабнинг кескин пасайиши натижасида авиачипталар нархи сезиларли даражада ошган. Натижада Россияга парвозларнинг ўртача нархи 18,2 фоизга, Туркияга 20,6 фоизга ва Қозоғистонга 45,6 фоизга ўсган.

2020 йилда ички саёҳат билан боғлиқ вазият ҳам юқоридаги ҳолатга ўхшаш. Банд қилинган авиачипталар миқдори 66 фоизга, қидирувлар сони эса 35 фоизга қисқарган.

Шунингдек, ички рейсларнинг ўртача нархида ҳам ўсиш кузатилган. 2019 йилда авиачипта ўртача 41,4 доллардан сотилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 50 долларни ташкил қилган.

2021 йилда туризм бозори аста-секин тиклана бошланиши ортидан Россия, Қозоғистон, Туркия, Беларус ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларга авиачипта сотиб олишга бўлган юқори талаб натижасида нархларда ошиш кузатилган.

Top