Суд мажлисида Шеробод тумани ҳокими Зиёдулла Давлатов, унинг ўринбосари Умиджон Панжиев, туманда жойлашган бозорда паттачи бўлиб ишловчи Зуҳриддин Тоғаев ва ҳодиса рўй берган пайтда Шеробод туман ИИБ бошлиғи вазифасини бажарган Шерхон Алламуродов гувоҳ сифатида кўрсатма берди.
Шеробод ҳокими Зиёдулла Давлатов ўз кўрсатмаларида Отабек Сатторий билан икки марта учрашгани, илк марта 2020 йил 18 декабрь куни, иккинчисида 28 январь куни кўришганини айтди. У 2020 йил 18 декабрь куни Отабек Сатторий ва унинг ёнидаги шериги ҳокимиятга келиб, телефонини Шеробод бозорида икки нафар йигит тортиб олганини айтгани, шундан сўнг бозорга борганини билдирди.
«Шеробод бозорига борганимиздан кейин, Отабекнинг телефонини тортиб олган йигитларга қайтариб беришини айтдим. Шу пайт бозорнинг бошқа ҳудудида тўполон бўлиб қолди. Ўринбосарим билан бориб, ўзаро тортишиб қолган аравакаш ва сотувчиларни тинчитиб қайтиб келдим. Қайтганимда, йигитлар тортиб олган телефонни Отабек Сатторийга қайтариб беришибди.
Ўша йигитларга кечирим сўранглар дедим, кечирим сўрашди. Икки орада гина-қудрат қолмади. Отабек Сатторий ва унинг шериги бозорда яна бироз видеолавҳа олишди. Сўнг улар кетиш тараддудига тушишди. Шу ерда хайрлашдик. Бошқа гап бўлмади», – деди Зиёдулла Давлатов.
Шеробод тумани ҳокимининг айтишича, у Отабек Сатторий билан 28 январь куни иккинчи марта ҳокимият биносида кўришган. Бу сафар унинг ёнида бошқа йигит бўлган. Улар 2017 йилда уй-жойи «снос»га тушган одамларнинг мурожаати бўйича келганини айтиб, ҳоким ва ўринбосаридан ўша иш бўйича изоҳ сўраган.
Зиёдулла Давлатов Отабек Сатторий икки марта кўришганда ҳам ундан телефон сўрамаганини, Отабек Сатторий билан борган мухбир ҳоким ва унинг ўринбосарига: «Отабекнинг зарар етган телефонини қандай ҳал қиламиз?» деб 2-3 марта сўраганини маълум қилди. Ҳоким ўз ўринбосарига бу ишни суриштириб кўришни айтган.
Зиёдулла Давлатовнинг айтишича, 2020 йил 18 декабрь куни Отабек Сатторий Шеробод бозорида телефонига ва кийимига зарар етказишгани ҳақида унга ҳеч нарса демаган.
Ҳокимнинг кўрсатмалари Отабек Сатторийни қаноатлантирмади ва у ҳоким ёлғон кўрсатма бераётганини айтди.
Отабек Сатторий, Шеробод тумани ҳокими билан иккинчи марта кўришганда ҳоким унга: «15 февраль куни туғилган кунинг бўлса, менга 14 февраль куни қўнғироқ қил, телефон совға қиламан», деб айтганини маълум қилди.
Зиёдулла Давлатов «14 февраль куни қўнғироқ қил» деб айтганини тан олишини, аммо «телефон совға қиламан» деганини инкор этишини билдирди.

















