Ўзбекистон | 11:20 / 26.03.2021
3391
2 дақиқада ўқилади

ХТВ ўқитувчилардан онлайн таълим олаётган ўқувчилар баҳоларини сунъий пасайтирмасликни талаб қилди

Халқ таълими вазирлигига умумий ўрта таълим муассасаларида онлайн тарзда таълим олаётган ўқувчилар баҳоси сунъий пасайтирилаётгани тўғрисида маълумотлар келиб тушган. Вазирлик ўқитувчилардан онлайн таълим олаётган ўқувчилар баҳосини сунъий пасайтирмасликни талаб қилди.

Шунингдек, вазирлик ҳудудий бошқармалардан онлайн таълим олаётган ўқувчиларнинг баҳолари сунъий равишда пасайтирилишига йўл қўймасликни сўраган.

«Халқ таълими вазирлигига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларда умумий ўрта таълим муассасаларида онлайн тарзда таълим олаётган ўқувчилар ўзлаштириш ва билимларини баҳолашда анъанавий тарзда ўқиётган ўқувчилардан пастроқ баҳолаш ҳоллари учраётгани тўғрисида маълумотлар келиб тушмоқда.

Шуни инобатга олган ҳолда, Халқ таълими вазирлиги барча ҳудудий бошқармалардан онлайн таълим олаётган ўқувчилар баҳолари сунъий равишда пасайтирилишига йўл қўймасликни қатъий талаб қилади.

Мактаб ўқитувчиларидан ўқувчиларнинг билим-савияси ва ўзлаштириш даражасини баҳолаш жараёнида, уларнинг таълим олаётган шаклидан қатъи назар ўқувчининг билим, кўникма ва малакаларини ҳаққонийлик ва ишончлилик тамойилларига кўра баҳолашни таъминлаш талаб этилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид