Kun.uz халқ таълими соҳасининг долзарб масалалари юзасидан ўзбекистонлик ва хорижлик мутахассисларни жалб этган ҳолда суҳбат ташкил этди.
Унда педагог кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш мавзусида ҳам сўз борди.
Аюбхон Раджиев, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти ректори:
— Ўқитувчи билан бирга, таълим жараёнида мактаб директори, методист деган кадрлар ҳам ишлайди. Шунча тоат-ибодатни бир секундда йўқ қилиб юборадиган бошқарув кадрлари бор. Буни очиқ айтиш керак. Агар улар ўқитувчи учун керакли шароитни яратиб бермаса, мактаб жамоаси, ота-оналар билан ишлашни тўғри йўлга қўя олмаса киритган сармояларимиз бир пул бўлади. Бунинг учун аввало уларни тайёрлашни йўлга қўйишимиз керак.

Ўқитувчиларга келадиган бўлсак, ҳозир яқинда имзоланган президент фармонига мувофиқ, малака ошириш тизимини хусусий секторга бериш кўзда тутилди.
Мардон Юсупов, математика ўқитувчиси (Англия):
— Англияда ўқитувчи бўламан деган инсон учун 10га яқин йўллар орқали ўқитувчи бўлиб ишлаш имконияти яратилган. Университетлар қошида педагогика факультетлари бор. Ва энг қизиғи, жами ўқитувчиларнинг 15 фоизигина шу факультетларни тугатган.
Бу ерда бир йиллик педагоглар тайёрлов курслари бор. Шу курсни битирганларга сертификат берилади. Исталган бакалавр йўналишини тугатган ва ундан сўнг бир йиллик тайёрлов курсида таҳсил олиб сертификатга эга бўлган шахс мактабда дарс бериши мумкин.
Аюбхон Раджиев:
— 2021 йилнинг 25 январида қабул қилинган қарорга кўра, Ўзбекистонда ҳам бу жараён йўлга қўйилади. Халқ таълими тизимида сифатни ошириш мақсадида хорижий экспертлар иштирокида янги лойиҳа йўлга қўйиляпти. Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудлардаги 14 та филиалларида бир йиллик махсус курслар ташкил қилиняпти.
















