Жорий йилнинг 29-31 март кунлари Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар бўйича «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ўтказган сўровда овоз берганларнинг 44 фоизи эмланмоқчи эмаслигини белгилаб жавоб босган.
Фикримизча, бу катта рақам. Зеро, гап оддий вазият ва маҳаллий эпидемия ҳақида эмас, дунёнинг турли давлатларида нечанчидир тўлқини кузатилаётган ва сўнгги 15 ойда дунё бўйлаб икки миллион тўққиз юз минг кишининг ёстиғини қуритган касаллик ҳақида кетяпти.
Нега бундай бўлмоқда деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилдик.
1. Одамлар онгидаги стереотип. Вакцинанинг хавфсизлиги ва самарадорлигига шубҳа билан қараш азалдан бор. Ҳозир бу тушунчани ўзгартиришнинг айни вақти. Аввало халққа вакциналар тарихи, уларнинг турлари ва яратилиши ҳамда ишлаб чиқарилиши ҳақида маълумот бериш керак. Бу йўлда Kun.uz жамоаси имкон даражасида маълумот беришга ҳаракат қилиб келмоқда.
Вакцина билан боғлиқ фитна назариялари: даъволар, гумонлар ва раддиялар
Коронавирус вакцинаси. Саволлар ва жавоблар
Коронавирус: Вакцина аввалги ҳаёт тарзига қайтарадими?
Афсуски, бу етарли бўлмагани кўриниб қолди. Пандемияни енгиш учун жамоавий иммунитет ҳосил қилиниши кераклиги ва бунинг учун оммавий эмланиш муҳим аҳамият касб этиши ҳақида телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа усуллар орқали тарғибот ишлари кенгроқ олиб борилиши мақсадга мувофиқ бўларди. ТВда турли кўрсатувлар, ток-шоулар ё жонли эфирлар уюштириб, аҳолига вакцина ҳақида илмий асосга ва ишончли маълумотларни етказиш ҳозир доимгидан ҳам долзарброқ. Бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Инновацон ривожланиш вазирлиги фаолроқ бўлиши талаб этилади.








