Kun.uz’га маълум бўлишича, тергов органи чақирувларига беҳурматлик қилиб, қонун талабларини бажармагани асос қилиниб, сайтнинг ушбу икки ходимига нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Сурхондарё вилоят прокуратураси ахборот хизмати ушбу маълумотни тасдиқлади. Прокуратура масъул ходими тергов сири ўлароқ ишнинг бошқа тафсилотлари очиқланмаслигини билдирди.

2021 йил январида Effect.uz сайти ходимларининг Термиз туман суди биносида суд раиси Одил Бегимқулов пора олганликда ва ишни нохолис кўраётганликда айбланган лавҳаси ижтимоий тармоқларда эълон қилинган эди.

Кейинроқ, Kun.uz мазкур ҳолат бўйича Термиз туман суди раиси билан суҳбат эълон қилганди.