15:59 / 07.04.2021
28086

«Гап одамлар ишончи ва ҳаёти ҳақида кетяпти» – Комил Алламжонов Маҳмуд Ҳасаннинг фаолияти ҳақида гапирди

Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов ўзининг “Телеграм” каналида айни пайтда Ўзбекистонда бўлиб турган Мулла Маҳмуд Ҳасан Курдистоний тўғрисида фикрларини билдирди.

Мулла Маҳмуд Ҳасан / Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Ўзбекистонга келган “курдистонлик табиб” Али Маҳмуд Ҳасан бўйича ИИВ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни огоҳлантирди. ИИВ миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликни айтган бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг ишонч ва эътиқодидан фойдаланиб, сохта табиблик фаолияти билан шуғулланаётганлар ҳақида огоҳлантирди. 

Агар унинг фирибгарлиги ҳақидаги маълумотлар асосли, исботланган бўлса, нега унинг фаолияти чекланмаяпти? Унинг бемалол вилоятма-вилоят юриб, одамларни даволашига йўл қўйиб бериляпти. 

Агар ҳақиқатда фойдали табиб бўлса, уни ҳам рўйхатга олиш, лицензия деган қоидалари бор. Гап одамлар ишончи ва ҳаёти ҳақида кетяпти. 

Энди бир камига четдан келиб, хоҳлаган одам, хоҳлаган ишини қилиб кетиши қолганди. Шаҳарнинг дарвозаси жойида турибдими ўзи? Албатта, кимдир ўлиши ёки азият чекиб, вой дод, дейишини кутяпмизми? 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик хизмати карантин, деб роса жазолашни билади-ку. Ёки матбуот ходимларининг озгина хатосини кўриб қолса, қонунлар ва жазоларни эслатувчи ИИВ қаерга қараяпти? Бу ҳолатда расмий муносабатнинг ўзи камлик қилади. Ишлаш керак, ўртоқлар, қуруқ гапиравермай!

PS: Шифо излаб ҳар бир имкониятдан фойдаланмоқчи бўлган барча беморларимизга эса Аллоҳ шифо берсин”, дейди фонд раҳбари ўз чиқишида.

Top