Ўзбекистон | 14:43 / 07.04.2021
14062
5 дақиқада ўқилади

«Ишлайман деган одамга ҳамма лавозим қийин». Наманган вилояти ҳокими қимматбаҳо машиналар, йўллар аҳволи ва раҳбарлик юки ҳақида

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Kun.uz билан суҳбатда ҳокимларнинг қимматбаҳо машиналари, йўллар ҳолати, раҳбарлик масъулияти ва давлат раҳбари ташаббус билан чиққанларни доимо қўллаб-қувватлаши ҳақида гапирди.

Ҳокимлар ва қимматбаҳо машиналар ҳақида

— Мен ҳоким бўлиб келганимдан кейин машина сотиб олганимиз йўқ. Менгача бўлган бу автомобил. Аммо машинанинг ҳам кераклиги бор, ортиқчаси бор. Ортиқчаси дабдаба, албатта.

Бундай автомобиллар керак. Нима учун? Тушунтираман. Мана, яқинда Покистоннинг Панжоб вилояти губернатори келди. 110 миллион аҳолига эга катта бир ҳудуднинг раҳбари Наманганга келиш бўйича таклифимизни қабул қилди. Шу каби яна бошқа кўплаб хорижий меҳмонлар ташриф буюради. Мана шундай меҳмонлар юртимизга келганида, уларни оддий машинада олиб юрмаймиз-ку? Бундай чиқимлар ўзини оқлайди, сабаби, бирор инвестор ё хорижий ҳамкор келганида, албатта, уларни қандай кутиб олишимизга ҳам эътибор беради, мана шундай жиҳатлар ҳамкорлигимизга таъсирини кўрсатади.

Яна қайтараман, ортиқча харажатлар ортиқча. Ундан кўра маблағни йўлга, коммуникацияга, камбағалликни қисқартиришга сарфлаш лозим.

Энг оғриқли масалалардан бири - йўллар

— Энг оғриқли масалалардан бири бу - йўллар. Бу йил ўтказган илк муҳокамам йўл бўйича бўлди. Авваллари ички йўлларга умуман аҳамият берилмасди. 11 минг километр ички йўлларимиз бор. Давлат аҳамиятидаги, халқаро аҳамиятдаги йўллар ҳар йили бюджетдан таъмирланади, лекин ички йўллар маҳаллий ҳокимият балансида бўлгани учун имконият чекланган эди.

Юртбошимиз бу муаммони кўриб, уни ҳал қилиш учун бюджетдан 200 млрд сўм ажратиб бердилар. Биз эса маҳаллий бюджетдан 100 млрд сўм қўшадиган бўлдик. 1 йилда 300 млрд сўм. Бир йилда 1 минг километр йўл қуриш ва таъмирлаш ишларини амалга оширамиз. 2020 йил билан солиштирайлик: 17 млрд сўм ажратилган бир йилда. Бу 80 километр йўл демакдир. Умумий йўлларнинг 1 фоизигина таъмирланарди. Энди эса 120 километр йўлни тўғрилашга улгурдик. Мисол учун, Фарғона йўлининг бир қисми абгор эди, уни таъмирладик ва айни пайтда аҳоли бундан жуда хурсанд.

«Бунёдкор» маҳалласида ҳам бу ишларни амалга оширамиз, фақат аввал сув тортиб олишимиз керак. Мана шу маҳалла баҳона 24 маҳаллада ичимлик суви муаммоси ҳал этилади. Шунингдек, «Бунёдкор»га туташ 5-6 маҳалланинг йўллари равон бўлишига эришамиз.

Янги Наманган туманини ташкил қиляпмиз. Бу ерда 140 минг аҳоли яшайди. Туман маркази ҳам мана шу асосий йўл бўйида ташкил этилади. Бу ерда инфратузилма яхшилана бошлагач, кичик саноат зоналарига талабгорлар кўпайди. Бу ерда 10 гектар ер ажратилган, аммо бировга керак бўлмаган. Мана энди тадбиркорлар ушбу ерларга даъвогар.

Раҳбарлик масъулияти

— Ишлайман деган одамга ҳамма лавозим қийин. Ичидан муаммо чиқариб юрса, вақт сарфлаб юриши мумкин. Экология қўмитасини ҳам бу даражада катта ташкилот, катта йўналиш деб ўйламаганман. Ундаги сўров, аҳолининг талаби кучайиб бораётгани, замон ўзгараётгани у ерда ҳам жуда кўп ишлар турганини кўрсатди.

Ишлайман деган одамга у ерда муаммоларни ҳал қилиб юриш ўзига яраша... Масалан, экология соҳасининг икки томони бор. 10та қўриқхона бор эди, жуда ҳам гўзал жойлар, тоғнинг тепасида, бир томондан кўриб, томоша қилгингиз келади. Бироқ, иккинчи томондан чиқинди масаласи турибди. Уни ўйламасангиз, иш юрмайди. Бу ҳақда экология тизимига киради. Шунинг учун менинг фикримча, ишлайман деган одамга у кичкина ҳудуд бўладими, бошқа бир осон туюлган йўналиш бўладими, ҳар бир иш қийинчилик туғдиради.

Экология йўналиши мен учун янгилик бўлгани учун қийналганман, ҳокимликда эса туманда, шаҳарда ишлаб, кўп тажриба орттирдим, лекин экология йўналиши янги бўлгани учун кўпроқ қийналишга, ўзимни қийнашимга тўғри келди.

Президент ташаббускорликни маъқуллайди

Президентимиз иш деб нафақат ҳоким, балки оддий фуқаро, оддий тадбиркор билан суҳбатлашиш жараёнида ҳам янги дастурлар пайдо бўлади. Биз ўз кўзимиз билан шуни кўрамиз.

Масалан, селектор йиғилишлари. Нега селектор ўтказилади? Ҳар бир ҳокимга ёки қайсидир тадбиркор, қайсидир сектор раҳбарига ўз фикрини айтиши учун имконият берилади. Шундан келиб чиқиб топшириқлар, дастурлар пайдо бўлади. Намуна бўлсин деб имконият, маблағ ҳам тақдим этилади. Керак бўлса фикр бериб, тўғрилаб... Фикрлаш учун кенг имконият яратиб берилади. 

Бундан олдин, Шавкат Абдураззоқов вилоятда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, энерготақчиллик ва экология масаласи ҳақида гапириб берганди.

Мавзуга оид