Жамият | 13:57 / 09.04.2021
2521
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда аҳолига сув иншооти қуришда бюджет маблағларини ўзлаштирган шахсларга жиноий иш қўзғатилди

Иллюстратив фото

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида сув иншооти ва тармоғини реконструкция қилишдаги бюджет маблағларини талон-торож қилган корхона раҳбарларига жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пайариқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «H.Q.» МЧЖ раҳбари ва бошқалар «Уймовут» МФЙ ҳудудидаги тоза ичимлик суви иншооти ва тармоғини реконструкция қилиш ишлари бўйича тузилган ҳужжатларга сохта маълумотларни киритгани аниқланган.

Қайд этилишича, корхона раҳбари ва бошқалар амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиб, 134,5 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан МЧЖ раҳбари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид