Жамият | 17:18 / 10.04.2021
51991
2 дақиқада ўқилади

Навоийда шифохонага мурожаат қилган 36 ёшли аёлда синама уколдан кейин клиник ўлим қайд этилди

Клиник ўлим беморга «Цефтриаксон» берилгач рўй берган. Реанимацион муолажалар натижасида аёлнинг юраги ура бошлаган, сўнг сунъий нафас бериш аппарати уланган. Аммо 9 кун ўтиб, бемор ҳаётдан кўз юмган. Ҳолат билан прокуратура шуғулланмоқда.

Ижтимоий тармоқларда бир оила аъзоларининг видеомурожаати тарқалди. Унда қўлларида «Шифокорлар сабаб биз онасиз қолдик» ёзувини кўтарган болалар ва уларнинг отаси онанинг ўлимида шифокорларни айблашган.

Воқеа Навоий вилоятида юз берган. 25 март куни вилоят перинатал маркази реанимация бўлимида 36 ёшли аёл вафот этган.

Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматига кўра, аёл 16 март куни Навоий вилоят перинатал маркази гинекология бўлимига 12 ҳафталик ҳомиласининг нобуд бўлгани сабаб мурожаат қилган.

Навбаҳор тумани Ўзбекистон МФЙда яшаган О.Ф.га «Ҳомиладорлик 4. 14-ҳафта 4-кун. Туғруқ 3. Ривожланмай қолган ҳомила» ташхиси қўйилган.

«Бемор бўлимда даволаш-ташхислаш стандартлари асосида тўлиқ текширувлардан ўтказилиб, ҳомиланинг уч ҳафтадан ортиқ ривожланмай қолгани, умумий қон таҳлилида лейкоцитлар миқдори нормадан ошгани инобатга олиниб, септик асоратларнинг олдини олиш ва антибиотико-профилактика мақсадида «Цефтриаксон» дори воситасининг 1,0 грамми мушак орасига синамасидан сўнг инъекция ўтказиш тавсия берилган.

2021 йил 16 март куни соат 17:50 лар атрофида муолажа ҳамшираси томонидан ушбу дори воситаси билан ўнг билак соҳасига синама қўйгандан кейин тўсатдан анафилактик реакция, анафилактик шок ва клиник ўлим ҳолати кузатилган. Ўтказилган тезкор реанимацион чора-тадбирлардан сўнг юрак фаолияти тикланиб, реанимация бўлимида узайтирилган сунъий нафас бериш аппаратида интенсив даво муолажалари давом эттирилган.

Даволаш жараёнида 17, 23 ва 25 март кунлари мамлакатимизнинг малакали анестезиолог ва реаниматологлари томонидан кўрилиб, керакли тавсиялар берилган ва буюрилган тавсиялар асосида даво муолажалари олиб борилган.

Ўтказилган интенсив даво муолажаларига қарамасдан 2021 йил 25 март куни бемор О.Ф.да биологик ўлим қайд қилинган», – дейилади вилоят ССБ ахборотида.

Навоий шаҳар прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказмоқда. Судга оид комиссион тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Мавзуга оид