Сурхондарёда ҳайдовчи пиёдалар йўлакчасида велосипедда ўтаётган шахсни уриб юборди. Жабрланувчи вафот этди
Сурхондарё вилояти Ангор туманида белгиланган меъёрдан ортиқ тезликда ҳаракатланиб келган ҳайдовчи пиёдалар йўлакчаси устида велосипедда ўтаётган шахсни уриб юборган. Оқибатда у вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2021 йил 13 апрел куни М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Ангор тумани ҳудудидан ўтувчи 1437 километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.
Давлат рақами 75 C 376 MA бўлган «Нексия» ҳайдовчиси Термиз-Ангор йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётиб, тезликни белгиланган меъёрдан оширган ва пиёдалар йўлакчасидан велосипедда ўтаётган, 1974 йилда туғилган шахс Ў.Р.ни уриб юборган. Оқибатда, велосипедда ҳаракатланган шахс оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.
ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан мазкур йўл-транспорт ҳодисасида машина тезлиги ўлчанганда у белгиланган меъёрдан жуда юқори бўлгани ва тормоз бергандан сўнг 38 метрга сурилиб боргани маълум бўлган.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан Ангор тумани ИИБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда.