12:26 / 16.04.2021
6915

«Бу кўргазма учун бўлмаслиги керак» — Президент Самарқанддаги аэропортда авиақатновлар ҳажмини 10 баробар ошириш кераклигини айтди

Президент Самарқанд халқаро аэропортида янги учиш-қўниш йўлаги ва янги аэропорт қурилишини сентябрь ойигача тўлиқ якунлаш бўйича топшириқ берди.

«Биз Самарқанддаги имкониятларимиздан етарлича фойдалана олмаяпмиз. Келганимизга яраша Самарқанд салоҳиятини уйғотиб кетишимиз керак. Агар Имом Бухорий мажмуасидек, Регистон майдонидек мажмуалар бошқа давлатда бўлганида эди, бундан усталик билан фойдаланишарди. Биз шундай имкониятдан фойдалана олмаяпмиз.

Аэропорт қурилишини олиб боряпмиз. Лекин у кўргазма учун бўлмаслиги керак, авиақатновлар ҳажмини 10 баробар оширишимиз керак. Мана оддий мисол – март ойида февралга нисбатан 5 баробар кўп – 150 минг сайёҳлар келган. 

Буюк олим ва ҳадисшунос бобомиз Имом Бухорий ҳазратлари мажмуасини, бу улуғ зотнинг бутун ислом оламидаги юксак обрў ва мақомларига муносиб тарзда, қайтадан қуриш ишларини бошладик. Бу ерда 10 минг ўринли масжид, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимизнинг диний мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон, 3та меҳмонхона ва 24та оилавий меҳмон уйларидан иборат, зиёрат туризми мажмуаси барпо этилади.

Ургут, Нуробод ва Жомбой туманларида ҳам туризм кластерлари ташкил этилади. Маҳкамов, Турдимов Самарқанд халқаро аэропортида янги учиш-қўниш йўлаги ва янги аэропорт қурилишини сентябрь ойигача тўлиқ якунласин», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top