Ўзбекистон | 14:28 / 17.04.2021
2326
2 дақиқада ўқилади

Жиззахнинг бир туманидан ўғирланган автомашина иккинчи туманидан шикастланган ҳолда топилди

Фото: Тергов департаменти

Жиззах вилояти Зарбдор туманидан ўғирланган автомашина шикастланган ҳолда Зомин туманидан топилган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 14 апрел куни соат 20:40да Зарбдор туман ИИБга фуқаро 37 ёшли И.Маъруф ўзига тегишли «DOGAN S» русумли автомашинаси ўғирлангани юзасидан хабар берган. Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида, автомашина Зомин тумани Даштобод шаҳарчаси ҳудудида шикастланган ҳолатда топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Зарбдор туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни 28 ёшли А.Илҳом маст ҳолатда содир этганлиги, у Сирдарё вилояти Ховос туманида яшовчи танишининг олдига бориб келиш мақсадида автомашинани олиб қочганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, ҳозирда А.Илҳом процессуал тартибда ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид