15 апрел куни «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан журналист ва блогерлар учун Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги шина заводига пресс-тур ташкил қилинди.

Расмий номи «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ бўлган бу завод 2014 йилда ташкил этилган. 2018 йилда эса заводда бирданига автомобиль ва қишлоқ хўжалиги шиналари, резина-мато ва резина-симли конвейер ленталари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган.

Маълумот берилишича, ҳозирга келиб шиналар ва конвейер учун ленталар ҳам ишлаб чиқараётган завод Германия, Голландия, Италия, Япония ва Хитойдан олиб келинган замонавий ускуналарга эга.

Заводнинг режалаштирилган ишлаб чиқариш қуввати 3,0 миллион дона автомобиль шиналари, 200 минг дона қишлоқ хўжалик шиналари ва 100 минг погон метр конвейер ленталарини ташкил этади.

2019 йилдан бугунги кунга қадар корхона томонидан қиймати 266 млрд сўм бўлган 704,1 минг дона автомобиль шиналари, 16,9 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналари ва 72,9 минг погон метр конвейер ленталари ишлаб чиқарилган.

Нима учун янги қурилган корхона маҳсулотлари харидоргир бўлиб кетмаяпти?

Саёҳат давомида журналист ва блогерлар завод директори Ғуломжон Ибрагимовга ушбу савол билан ҳам мурожаат қилишди.

Завод директори эса йўл-йўлакай саволга қуйидагича жавоб берди:

«Биз ҳали янги заводмиз. Бутун дунёда 14 та йирик корхона мавжуд. Бу йирик корхоналарнинг айримларида, 27 та давлатда 67 тадан заводлари бор. Иккинчи ўринда турувчи заводнинг 47 та заводи бор.

Бу корхоналар ҳар йили бозорда маҳсулот сотиш ва ўз маҳсулотини ушлаб туриш учун 18 тадан 107 тагача янги турдаги шина ишлаб чиқади.

Бу ҳолатни Европа, Америка, Япония ва МДҲ давлатлари ишлаб чиқарувчиларининг барчасида кўриш мумкин.

Ғуломжон Ибрагимов, Ангрен шина заводи директори

Заводимизга 2015 йилда асос солинган, 2019 йилда Давлат комиссиясига топширилган. Биз бозорга 2015 йилдаги протектор билан кириб келдик. Шунинг оқибатида бизда маҳсулотларни сотишда муаммолар юзага келди.