Иқтисодиёт | 17:43 / 21.04.2021
9744
3 дақиқада ўқилади

Биржада пахта ёғининг қимматлаши ва кунгабоқар ёғи очиқ савдода сотилмаслигига изоҳ берилди

Aҳолининг асосий истеъмол маҳсулоти бўлган ўсимлик ёғлари нархи ошиши атрофида турли саволлар туғилмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг ўзида етиштириладиган пахта хомашёсининг биржада қимматлаши ва ўсимлик ёғи очиқ савдода сотилмаслигига Республика товар хом-ашё биржаси масъуллари изоҳ берди.

Aпрел ойида пахта ёғи нархи кескин қимматлаганига ундан аввал кунгабоқар ёғи нархи ошгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Республика товар хом-ашё биржаси AЖ Бош маклери Исломбек Ибрагимов 20 апрел куни AОКAда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Пахта ёғи нархининг ошиши албатта чигит нархи ва ҳажмига боғлиқ, чунки пахта ёғининг асосий хомашёси пахта чигити ҳисобланади. Бугунги кунда чигит кластер ва корпорациялар томонидан биржага қўйилади. Чет элда кунгабоқар ёғи нархи ошгани сабабли пахта ёғига бўлган талаб ҳам ошди. Пахта ёғи нархи паст эди, бироқ кунгабоқар истеъмол қиладиган истеъмолчилар пахта ёғи истеъмол қилишни бошлаши билан унинг нархи ҳам қимматлади.

Талаб ортгандан кейин ишлаб чиқариш ҳам кўпайган, хомашё етарли даражада бўлмагани учун чигитга мос тарзда пахта ёғи нархи ҳам ошди»,- деди у.

Шунингдек, у нима сабабдан кунгабоқар ёғи очиқ савдога чиқарилмаётганига ҳам изоҳ берди.

«Ўзимизда импортдан келган хомашё ҳисобига хусусий корхоналар томонидан кам миқдорда кунгабоқар ёғи ишлаб чиқарилади. Умуман сотилмайди десангиз ҳам нотўғри бўлади, кам миқдорда кунгабоқар ёғи очиқ савдога чиқарилади. Хусусий корхоналар қанақа сотиш тартибини маъқул кўрса, шу орқали сотади. Бугунги кунда кўпчилик хусусий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини тўғридан тўғри бозорга олиб чиқиб сотмоқда. Бироқ айни пайтда биржа ўсимлик ёғининг биржа савдоларига қўйилиши бўйича хорижий ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш ишларини олиб бормоқда», - деди у.

Aввалроқ, молиячи Отабек Бакиров давлат харидлари сифатида сотиб олишга тақиқ қўйилган импорт товарлар рўйхатидан ўсимлик ёғи чиқарилмаса, нарх ошиши тўхтамаслигини таъкидлаган эди. Шунингдек, у бундай шароитда бир неча тезкор чоралар кўришга чақирган эди.

Шунингдек, Kun.uz Ўзбекистонда биринчи чоракда кунгабоқар ёғи, апрел ойида эса пахта ёғи кескин ошгани борасида таҳлилий мақолалар эълон қилганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид