Ўтган ойда Тошкент вилояти Зангиота туманида «Спарк» автомобили тўхтатилиб, ҳайдовчининг ёнидан чиққан отвёртка совуқ қурол деб топилган, ЙПХ ходими томонидан далолатнома тузилганди. Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, айниқса ҳайдовчилар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, ИИБ ходимларининг бу ҳаракатлари қораланган эди.
Шундан сўнг Тошкент вилояти ИИББ ҳолат юзасидан суриштирув бошланганини маълум қилганди.
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов 23 апрел куни Kun.uz'га тақдим этган маълумотга кўра, ҳайдовчидан олиб қўйилган отвёртка эгасига қайтариб берилган.
Автомобилда бўлиши лозим бўлган муҳим иш (техник созлаш) қуролларидан бири бўлган отвёрткани совуқ қурол деб баҳолаб, далолатнома тузган ва уни ҳайдовчидан олиб қўйган профилактика инспектори А.Алманов ички ишлар органи ходимлари касб этикасига қатъий риоя қилиш лозимлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Эслатиб ўтамиз, Шоҳрух Ғиёсов 9 апрел куни Kun.uz'га берган интервьюсида «отвёртка» совуқ қурол деб баҳоланганини маъқулламаслигини билдирган, аммо масалага хизмат текшируви натижасидагина баҳо берилишини айтганди.















