15:06 / 26.04.2021
52553

Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиакомпаниянинг илк самолёти олиб келинди 

Бугун, 26 апрел куни Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиакомпаниянинг илк самолёти олиб келинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

Cамолёт 26 апрел куни соат 14:20лар атрофида Тошкентга қўнди.

Самолётни кутиб олишга бағишланган тадбирда иштирок этаётган бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовга кўра, авиация соҳасида монополияга барҳам берилди.

«Airbus А320 русумли самолёт етиб келди. Кейинги 20 кун давомида иккинчиси ҳам етиб келади ва йил якунига қадар Airbus А330 русумли иккита самолёт етиб келиши кутилмоқда. Яқин бир-икки йил давомида қўшимча яна самолётлар олиниб, авиакомпания паркида учта Airbus А320 ва учта Airbus А330 самолётлари мавжуд бўлади. Авиация соҳасида монополияга барҳам берилди. Qanot Sharq Ўзбекистонда Uzbekistan Airways’га биринчи рақобатбардош авиакомпания бўлади», деди бош вазир ўринбосари.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг Qanot Sharq Airlines авиакомпанияси иккита Airbus А320-214 самолётини Ўзбекистонда UK32030 ва UK32031 рақамлари остида рўйхатдан ўтказгани маълум бўлганди.

Qanot Sharq Airlines ҳудудий аэропортлардан Истанбул, Анқара (Туркия), Дубай (БАА), Жидда, Мадина (Саудия Арабистони), Москва, Санкт-Петербург (Россия Федерацияси) ва Алмати (Қозоғистон) йўналишларида авиақатновларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Компания 1998 йилда рўйхатга олинган ҳамда юк ва йўловчи авиаташувларига ихтисослашган. 2003 йилдан 2012 йилгача компания «Ўзбекистон ҳаво йўллари»дан IL-76 самолётларини ижарага олган ва Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиакомпания ўлароқ ўз чартер рейсларини амалга оширган. Компания 150 мингдан ортиқ йўловчи ташиган. Барча IL-76 самолётлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ўтказилгач, компаниянинг эксплуатантлик сертификати тўхтатилган.


Top