Ниҳоятда кучли довул Олот, Қоракўл, Ромитан ва Шофиркон туманларидаги кўплаб қишлоқларга зиён етказади. Одамлар яшаб турган уйларнинг шифти учиб кетган, экинларга зиён етганди. Айниқса, Олот ва Қоракўл туманларида зарар кўлами кўпроқ бўлади.


Президент Шавкат Мирзиёев Олот туманига бориб, вазиятни ўз кўзи билан кўрган, аҳолини тинчлантирган, барча зарурий ёрдам кўрсатилишига ваъда берганди.


Кўп ўтмай Олотга қурилиш материаллари ажратилади. Юртдошларимиз ҳашарга отланади. Кўплаб ватандошларимиз бухороликларга хайрия қилиб, бухороликларга елка тутишади.
Жумладан, Kun.uz сайти таҳририяти ҳам Бухорога ёрдам хайрия акциясини ўтказиб, Олот, Қоракўл ва бошқа қўшни туманларда талафотдан азият чеккан хонадонларга ҳамюртларимизнинг беминнат ёрдамларини етказиб берганди. Кутилмаган табиий офат халқимизнинг инсонпарварлигини яна бир бор намоён этиб берганди.

Орадан бир йил ўтиб биз яна Олот туманида бўлдик. Табиий офат тўлиқ бартараф этилган. Аммо бир они ҳам ҳали ҳеч кимнинг ёдидан чиқмаган. Олотликлар ўша кунни қўрқинч туш каби эслашади.

«Ўша куни ифторлик пайти эди. Мана шу сиз кўриб турган ҳовлимиз бир зумда томлар учиб тушиб, вайрона авҳолга келиб қолди. Кўчага чиқадиган ҳолат эмас эди. Давлат ташкилотларининг том қисми ҳам учиб бизнинг уйимиз олдигача келганди. Эртаси куни кучли ёмғир ёғиб, уйларимиз томидан ўтиб, хонадон ичларини ҳам ёмон авҳолга келтирди.
Бутун Олот халқи азият чекканди. Аммо талафотдан кейин бутун Ўзбекистондан усталар, ёрдамчилар келиб тун-у кун ишлашди. 10 кун деганда электр токи қайта тикланди. Ҳокимият вакиллари томонидан берилган ёрдам сабаб, қўшни туманлардан одамлар келиб, бошқа вилоятлардан ҳарбийлар ёрдами билан бир ой деганда кўчалар уйлар қайта тикланди. Мана шу ҳодисага бир йил бўлибди. Шукр деймизки, биздан ҳеч ким вафот этмаганди. 74 ёшга кирган онам илгари бундай воқеа бўлганини эсламайдилар», — дейди ҳамшира бўлиб ишлайдиган Феруза Ражабова.


















