1986 йилнинг 26 апрелида, соат тунги 1дан 23 дақиқа ўтганида Чернобиль АЭСнинг 4-энергоблогини режали тўхтатиш ва турбореакторни синовдан ўтказиш вақтида портлаш содир бўлиб, реактор бутунлай ишдан чиқади. Портлаш оқибатида энергоблокнинг бир қисми қулаб тушади ва бош оператор ҳалок бўлади.

Атроф-муҳитга катта миқдордаги радиоактив моддалар тарқала бошлайди. Шамол бу моддаларни Киев областидан ташқарига ва ҳатто Украина ССР чегараларидан ташқарига олиб боради. 600 мингдан ортиқ киши нурланиш олган, уларнинг аксар қисми авария оқибатларини бартараф этишда ишлаган одамлар эди. Собиқ совет иттифоқининг жами 7 миллиондан ортиқ одам яшовчи 155 минг км.кв ҳудуди радиацион зарарланишга учраган. 1986 йил 29 апрель кунги кузатувларга кўра, юқори фонли радиация Польша, Германия, Австрия, Руминия ва бошқа мамлакатларда ҳам кузатилган, радиация тўлқини Швециягача етиб борганди.
Радиациянинг паст дозалари билан доимий таъсирланиш оқибатида Россия, Беларусь ва Украинада саратон, асаб-психиатрик касалликларга чалинганлар ва генетик мутацияларга учраганлар сони кўпаяди. Таққослаш учун, Чернобил фожиасига қадар Беларусда ҳар 100 минг аҳолига 82та онкологик касаллик ҳолати тўғри келган бўлса, фожиадан кейин бу миқдор – 6 мингга етганди.
Ушбу бахтсиз ҳодиса унинг оқибатларидан ҳалок бўлган ва жабр кўрган одамларнинг тахминий сони бўйича ҳам, иқтисодий зарар жиҳатидан ҳам ядро энергетикаси тарихидаги энг йирик фожиа ҳисобланади.
Чернобиль АЭСда ўша пайтда расмий ҳужжатларда 54 нафар одам ҳалок бўлгани қайд этилган. Аммо кейинчалик фалокат натижасида ва уни бартараф этишда жами 4 мингга яқин киши ҳалок бўлгани маълум қилинган. Бундан ташқари, ҳалокат асоратлари туфайли турли йилларда жами 100 минггача одам ҳалок бўлгани тахмин қилинади.
Чернобиль АЭС фалокати натижасида жами 115 минг одам эвакуация қилинган. 1986-1992 йиллар давомида фалокат жойида унинг асоратларини бартараф этиш ишларида жами 526 250 нафар одам қатнашган. Уларнинг барчаси кейинчалик радиация билан зарарланиш оқибатида маълум даражада ногирон бўлган.
34 йиллик сир. Чернобиль фожиаси қандай содир бўлганди?
Украиналик фотожурналист Игорь Костин 1986 йил 26 апрелда биринчилардан бўлиб Чернобилдаги атом реакторини суратга олганди.









































