Мамлакат ҳукумати шифокорларнинг огоҳлантиришларига қарамай, вазиятга етарлича ҳозирлик кўрмагани учун танқидга учради.

Ҳиндистон сўнгги ҳафтада кундалик коронавирус юқтириш сони бўйича дунё миқёсида рекорд ўрнатди. Сўнгги 24 соат ичида 352,991 та вирус юқтириш ҳолати қайд этилди. Бу билан мамлакатда вирусга чалинишларнинг умумий сони 16 миллиондан ошди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги 24 соат ичида 2812 одам нобуд бўлганини маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, Ҳиндистонда бугунга қадар 189, 544 киши бу касалликдан вафот этди.

Ҳукумат шифохоналарга тиббий кислород етказиб беришни жадаллатиш учун махсус экспресс поездларни, ҳаво кучлари самолётлари ва танкерларни ишга солди, кислородга солинадиган божхона солиқларини бекор қилди.

Аммо қарийб 1,4 миллиард одам яшайдиган мамлакатда вазият оғир бўлиб қолмоқда.

Деҳли шимолидаги мана бу кичик шифохона ҳар куни бир мушкулот қаршисида.

Шифохона доктори билан суҳбатлашар эканман, у куйиниб шундай деди: Мен ўтган ҳафтадан бери тунларни уйқусиз ўтказяпман. Беморларга етарли ёрдам кўрсата олмаётганингиздан йиғлагудек бўласиз. Ҳар куни бир хил манзара: жуда оз миқдорда кислородимиз қолди ва тизим бизга фақат сўз бермоқда, кислород эмас.

Шанба куни Деҳли олий суди инфекциялар сони кескин кўпаётганини «цунами» деб атади ва фавқулодда кислород етказиб бериш чора-тадбирларига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай киши «осилиши» ҳақида огоҳлантирди.

Ҳиндистондаги янги тўлқин илк бор мамлакат ҳудудида аниқланган коронавирус штамми туфайли юзага келгани айтилмоқда.

Январь ойида бош вазир Нарендра Моди Ҳиндистонда коронавирус устидан ғалаба қозонганлигини эълон қилган эди.

Аммо соғлиқни сақлаш мутахассислари ва танқидчиларнинг айтишича, ўтган йил охирида янги инфекциялар сони озая бошлагани учун ҳокимият вақтидан эрта ғалаба нишонлаган ва соғлиқни сақлаш тизимидаги илк тўлқин давомида аниқланган муаммоларни бартараф этмаган. Бундан ташқари, сиёсатчилар ва ҳукумат идоралари шу чоққача вирус тарқалишига қулай замин яратадиган тадбирлар, шу жумладан, диний фестиваллар ва сайлов митинглари ўтказилишига йўл қўйгани учун кескин танқидга учради.