Kun.uz мухбири Сардоба туманида бўлиб, сув омборини қайта қуриш ишлари билан танишди, яқин атрофдаги қишлоқ, мактабларда бўлиб, одамлар билан ўша кун хотиралари ҳамда тошқин оқибатлари ҳақида суҳбатлашди.

Бугун ишчилар ва кўплаб техникалар ёрдамида сув омборининг сув ювиб кетган қисмида қайта қуриш ишлари давом этмоқда.

Сардобаликлар бир йил аввалги ўша мудҳиш кун тонгини ҳамон қўрқув билан эслайди.

«Ҳар куни эрталаб соат 5 да уйғонамиз. Сардоба ўпирилган куни ҳам эрта уйғониб, ҳовлида айланиб юргандим.

Бир пайт дарвозани кимдир жуда қаттиқ ура бошлади. Шунчалик урардики, у одамни ким бўлса ҳам сўкмоқчи бўлиб, дарвозага қараб юрдим. Давозани очсам, қўшнимизнинг боласи экан. «Бобо, сув келяпти, сув омбори тошибди», –дейди.

Боланинг ўпкаси йиғидан тўлиб қолганми, гапиришга ҳам қийналарди.

Бу вақтда болалар уйда ухлаб ётарди. Тезда уларни уйғотдим. Оёғимизга, елкамизга нима илинса, олдиг-у, кўчага қараб чопдик. Кампирим билан паспортимизни ҳам олишга улгурган эканмиз.

Кўчага чиқсак, сув тошқинидан хабар топган ҳамма югурарди. Одамлар тўғри келган машинага осилишяпти. Яна кимдир эшак аравада, бошқаси пиёда югуряпти.

12-13 км. югуриб, халқ тилида 7-совхозга етдик. Кўпчилик шу томонга йиғилди. Шу ерда кўпчилик яна ҳар томонга юрди.

Биз ҳам Жиззахнинг Пахтакор туманида яшовчи ўғилларимнинг уйига кетдик», – дея 1 май хотираларини эслайди Бахтиёр Наримонов исмли фуқаро.

У, шунингдек, ўша кунни қайта эслашни хоҳламаслиги, болалари, набиралари сув тошқини видеоларини кўрсатса, кўрмаслигини ҳам қўшимча қилди.

«Биз учун бу жиддий жароҳат бўлди», – дейди Бахтиёр Наримонов.

2010 йилда бошланиб, 2017 йилда қурилиши якунига етган сум омборининг 3 йил ўтмай бузилиб кетиши оқибатида вилоятнинг 3та тумани ҳудуди жиддий зарар кўрди.