— Суҳбатимизни Ўзбекистонда айни пайтдаги инфляция қай даражада барқарорлиги ҳақидаги саволдан бошласак. Умуман олганда, 10,9 фоиз экани айтилаётган бу кўрсаткични мамлакат иқтисодий ҳолати нуқтайи назаридан яхши, дея оламизми?

— Авваламбор, инфляция даражаси деганда, биз кўпроқ иқтисодиётдаги нархларнинг ўсиш суръатларини умумий бир ҳолда тушунамиз. Яъни танлаб олинган маҳсулотлар, хизматлар нархлари йил давомида умумий ҳисобда қанчалик ўсгани тушунилади.

Агар эътибор берилса, 10,9 фоиз инфляция шакллангани билан унинг таркибидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 13,8 фоизни ташкил этди.

Худди шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотларининг йиллик ўсиши 8,8 фоиз, хизматларники 8,3 фоизга ўсди. Буни таркибий жиҳатдан таҳлил қиладиган бўлсак, айнан озиқ-овқат гуруҳидаги товарларимизнинг нархлари бироз юқори даражада ўсишини кўрсатмоқда.

Бу йил базавий прогнозимиз бўйича, асосий сценарийимизга кўра, инфляция даражаси 9-10 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки департамент директори Нодирбек Очилов 

Умумий инфляция даражаси бугунги кунда прогноз коридоримиз доирасида пасайиб боряпти. Лекин айнан ўша озиқ-овқат гуруҳидаги нархлар бироз юқорилигича сақланиб қоляпти. Бу бевосита бир қанча омилларни ўз ичига олади.

Биринчидан, жаҳон бозорларида асосий озиқ-овқат товарлари нархининг ўсиши. Бунга ҳам жуда кўп омиллар таъсир қилади. Масалан, ҳосилдорлик даражаси, об-ҳаво шароитлари, ташқи бозордаги логистика, умуман, бизнинг савдо ҳамкорларимиз томонидан ушбу маҳсулотга нисбатан қўлланаётган маълум бир чекловлар бу маҳсулотлар нархининг импорт жиҳатдан ошишига олиб келмоқда.

Иккинчи омил – бизнинг ўсимлик ёғи, шакар ва бошқа маҳсулотлар импортига боғлиқлигимиз бор. Бу ердаги рақобат шароитлари, транспорт логистика масалалари ҳам нархларга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Айнан ноозиқ-овқат товарлар нархлари ўсиши бизни бироз хавотирга соляпти. Кейинчалик буни пасайтириш бўйича ҳукумат билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқиляпти. Албатта, таклифлар амалиётга жорий қилиниши ўзининг ижобий натижасини беради.

—