Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилди.

Депутат Иномжон Қудратовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, қизғин муҳокамаларга бой ўтган мажлисда қабул қилинган қонун лойиҳаси 10 кун муддатда Сенатга юборилади.

Маълумотларга кўра, лойиҳа эълон қилинганидан буён (2020 йил август ойида) аҳоли, халқаро ташкилотлар ва маҳаллий экспертлар томонидан 700дан ортиқ таклиф келиб тушган. Лойиҳа қўмита ва партиялар фракцияларида ҳам кенг муҳокама қилинган.

Депутатлар янги қонун лойиҳасида аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири – фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чекловни олиб ташлашган.

Лойиҳада диний ташкилот тузиш учун ташаббускорлар сони 100 нафардан 50 нафаргача туширилиб, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари енгиллаштирилган. Хусусан, тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилиб, уларни нотариал ва бошқа кўринишларда тасдиқлашга оид талаблар бекор қилинган, давлат хизматлари тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши ва рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланган. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш бўйича берилган аризани кўриб чиқиш муддати 3 ойдан 1 ойга туширилган.

Шунингдек, Иномжон Қудратовнинг айтишича, давлат идораларининг диний ташкилотлар фаолиятига аралашиши қисқартирилган. Соҳада ваколатли ва кўмаклашувчи орган сифатида Дин ишлари бўйича қўмита қолдирилган.

Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Алишер Қодировнинг маълум қилишича, депутатлар фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов олиб ташланиши кераклигини тўлиқ маъқуллашган.

Лекин ушбу қонунга узвий боғлиқ бўлган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-1-моддаси ўз кучида қолмоқда.

Қонунга кўра, «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».

Агар жамоат жойларида ибодат либосида юришга доир чекловлар олиб ташланса, бу модда янги қонунга тескари кучда бўлиб қолади. Шу сабабли депутатлар Дин ишлари бўйича қўмитага МЖтКнинг 184-1-моддасини бекор қилиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш ва бу борадаги ишларда ташаббускор бўлишлари кераклигини айтган.