Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида чет тилларини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди.

«Бугунги мавзуга кўпдан бери тайёргарлик кўрганмиз. Парламентга мурожаатимизда ҳам физика ва чет тилларини ўрганишни кучайтириш бўйича алоҳида тўхталгандик. Шиддат билан ўзгараётган замонда рақобатга тайёр бўлишимиз керак. Учинчи ренессанс пойдеворини мустаҳкам қилиш учун ҳам чет тилларини ўрганишни кучайтиришимиз керак. Қандай оғир бўлмасин, бу масала эътиборда бўлиши, урғуни алоҳида беришимиз лозим.

Бу масала билан жиддий шуғулланиш вақти келди. Очиқлик сиёсатимиз, дунё бозорига фаол кириб бораётганимиз ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларимизнинг кун сайин кенгайиши, ушбу масаланинг долзарблигини янада оширмоқда. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олийгоҳ битирувчилари камида 2та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу ҳам биз учун катта масъулият. Агар мана шундай катта марра олмас эканмиз, натижага эриша олмаймиз.

Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим. Шунинг учун, жойларда чет тилларини ўрганишга етарли шароит яратиш ва уни оммалаштириш барча раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши лозим. Замоннинг ўзи бизга шундай талаб қўйяпти», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, бугунги кунда 25та олийгоҳда ўқитиш чет тилида олиб борилмоқда. Халқаро тил сертификати олган битирувчи ўқувчилар сўнгги 3 йилда 10 бараварга ошган (700 нафардан 7 минг нафарга). 60 минг ўқувчи етакчи хорижий олийгоҳларда таҳсил олмоқда.

Жорий йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали 350 нафар ёшларнинг нуфузли хорижий университетларда ўқиши учун стипендиялар ажратилган. Бу ўтган йилларга нисбатан 5 баравар кўпдир.

«Агар кимдадир янада кўпайтириш бўйича таклифлар бўлса, уни ҳам кўриб чиқишга тайёрмиз. Ҳокимлар ҳам бу борада ташаббус кўрсатишлари мумкин.

Лекин, қайд этилган кўрсаткичларга қарамай, чет тилларини ўқитиш бўйича жойлардаги ҳақиқий аҳвол, олдимизга қўйилган катта режаларга мутлақо муносиб эмас», деган Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, 1400та мактабда чет тили ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз аҳволда,  мактаблардаги 11 минг ўқитувчидан 49 фоизи тестдан ўта олмаган.

«Янги Ўзбекистон қуряпмиз, лекин тизимга вақтида эътибор бермаганимиз учун бугунги кунда, таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчилари лавозими вакант бўлиб қолмоқда.