Ўсимлик ёғи нархи кескин ошиб бораётгани сабабли, ҳолатнинг олдини олиш мақсадида «Aйрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар мамлакат ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш ва ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича маблағлар айланмаси қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди.
Хўш, кўрилган бу чора оқибатида мамлакатда ўсимлик ёғи нархи барқарорлашдими? Рақамларга мурожаат қиламиз.
9 май ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ўсимлик ёғининг нархи минимал 16-17 минг сўм, максимал 21-23 минг атрофида. Кузатувларга кўра, ўсимлик ёғи арзонлашмаяпти.
Davletov.uz каналининг ёзишича, ўсимлик ёғи аввалги механизм, яъни маҳаллаларни ишга солган ҳолда тарқатиляпти.
«Ўсимлик ёғига ҚҚС бекор бўлди, лекин нега ёғ нархи тушмаяпти, деб сўрашмоқда.
Ўзбекистонда маҳалла, амалдорларнинг фикрича, аҳолини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим институт ҳисобланади. Яқин ўтмишда ҳам маҳалла орқали ёғ, ун ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари қатъий белгиланган нархларда тарқатилар эди.
Ёзишларича, ёғ нархининг ошиши ортидан яна ўша механизм қўлланмоқда. Масалан, Бухоро вилоятида белгиланган график асосида барча маҳаллаларда пахта ёғининг 1 литри 12000-13000 сўмдан сотилаётган экан. Кунгабоқар ёғи эса 16000 сўм», – деб ёзди у.
Шунингдек, яқинда кучга кирган қонунга кўра, ўсимлик ёғи ҚҚСдан йил охиригача озод қилинган. Лекин бунинг самараси ҳозирча сезилгани йўқ. Бозорларда ёғ баҳоси ҳамон юқорилигича қолаётгани қўшимча қилинган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ўсимлик ёғига ҚҚСни бекор қилиниши халққа ёқадиган популистик ташаббус бўлгани ҳақида ёзади.
«Ўсимлик ёғига ҚҚС бекор бўлиши ёғ нархини пасайтиради, деб ким айтган эди?
Рақобатли бўлмаган, вертикал ва горизонтал олигопол бозорларда, таклиф ошмаётган ва спекуляция шароитларида ҚҚСнинг пасайтирилиши сотувчи ва воситачиларнинг маржиналлигини, яъни даромадини оширишга хизмат қилади, холос. Ҳа, қисқа муддат нархлар ўсишдан тўхтаб туради (ўша 15 фоизлик фарқ утилизация бўлгунча).















