11 май куни Республика таълим маркази ахборот хизмати ва унга таянган ҳолда қатор интернет сайтлар «Энди ўзбек тили ҳам чет тили сифатида ўқитилади» сарлавҳали хабар эълон қилди. Хабар эълон қилиниши билан мулоқот тармоқларида фаол муҳокама мавзусига айланди.
«Бу билан давлат тилининг қадрини туширишади», «Наҳотки, ўзбек тили энди ўз юртимизда чет тиллари сафига киритилади», – деб ёзди янгиликдан норози қатор фойдаланувчилар.
Хўш, таълим тили ўзга тилда бўлган синфларда давлат тили — ўзбек тили чет тили каби ўргатилиши аслида нимани англатади? Бу ҳақиқатда ўзбек тили қадрини туширадими?
Kun.uz мухбири шу каби саволлар юзасидан Республика таълим маркази раҳбари Шуҳрат Сатторов билан интервью уюштирди.
Тил ўқитишнинг бу ёндашувида асосий эътибор ўқувчининг нутқий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилади.
Бу ўзгаришларда асосий моҳият методик ёндашув ҳақида кетмоқда. Яъни ўзбек тили она тили бўлмаган ўқувчига тилни ўргатишда чет тилини ўқитиш методикаси асос қилиб олинади. Бу нормал, бутун дунёда қабул қилинган ва ўзини оқлаган ёндашув. Мисол учун, АҚШ ва Буюк Британияда «ESL — English as a Second Language» дастури бор, инглиз тили она тили бўлмаган ўқувчиларга инглиз тили шу ёндашув асосида ўқитилади.
Тилни ўрганишда дунёда икки хил йўлдан борилади:
1) Она тилини ўқитиш;
2) Чет тилини ўқитиш.

Бу амалиёт асосида Ўзбекистонда ҳам миллий тил сифатида «Она тили», ўзга миллат вакиллари учун эса «ўзбек тили» фанини ўқитиш жорий қилинган. Бунда «Она тили»ни ўқитишда, асосан, грамматикага урғу қаратилса, ўзга тиллиларга давлат тилини ўқитишда «иккинчи тилни ўқитиш методологияси» асос қилиб олинади.
Бунда иккинчи тилга чет тили сифатида қаралади. Иккинчи тил (яъни она тили бўлмаган тил) чет тили ўқитиш методикаси асосида ўқитилади, тил материали (лексика, грамматика) босқичма-босқич ўқувчи эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда киритилади.Тил ўқитишнинг бу ёндашувида асосий эътибор ўқувчининг нутқий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилади. Яъни бунда тилга оид чуқур назарий билимлар берилмайди.















