Иқтисодиёт | 15:41 / 17.05.2021
13199
2 дақиқада ўқилади

Олтин нархи охирги 4 ойда энг юқори кўрсаткичда ўсди

17 майдан бошлаб жаҳон бозорида олтиннинг бир унцияси 1853 долларни ташкил этиб, охирги 4 ойдаги энг юқори кўрсаткичда ўсди. 

Фото: Akio Kon/Bloomberg

2021 йил 17 майдан бошлаб жаҳон бозорида олтиннинг бир унцияси 1853 долларни ташкил этмоқда. Февралдан бошланган олтин нархидаги пастлашдан кейин бугунги нарх охирги 4 ойдаги энг юқори кўтарилиш бўлди.

Aгар йил бошидан бошлаб нархларни таҳлил қиладиган бўлсак, қуйидагича ўзгаришни кузатиш мумкин:

  • 2021 йил январ – 1855 доллар (олтиннинг бир унцияси);
  • 2021 йил феврал – 1834 доллар;
  • 2021 йил март – 1724 доллар;
  • 2021 йил апрел – 1775 доллар;
  • 2021 йил май – 1853 доллар.

Бугунги нарх шуни кўрсатадики, олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи йил бошига нисбатан секин-аста тикланмоқда. Олтин нархи бўйича Goldprice прогнозларига кўра, нарх июн-июл ойларида энг юқори даражада ўсади. Хусусан, июл ойида нарх энг паст қийматда 1954 доллар, энг юқори қийматда эса 2015 доллар бўлиши мумкин. Йил охирига келиб эса нарх тушиши кутилмоқда.

Bloomberg нашри ҳам олтин охирги ойлардаги кескин тушишдан сўнг, яна мавқейини тиклаганини таъкидлади.

«Hedge фонди менежерлари олтиннинг мавқейини уч ой ичида энг юқори даражага кўтаришди. Нархлар март ойида белгиланган энг паст даражадан тикланди, чунки долларда пасайиш кузатилди. Жума куни AҚШ чакана савдоси бўйича Ғазначилик рентабеллиги пасайганлиги сабабли, душанба куни олтиннинг ўсиши юқори бўлди», – деб ёзди нашр.

Ўзбекистон Марказий банки сотувга чиқарган олтин қуймаларининг ҳам нархида ўз навбатида ўзгариш кузатилди.

Масалан, 28 апрел куни 5 граммли олтин ёмбисининг нархи 3 миллион 116 минг сўмдан сотилган бўлса, 17 майга келиб, жаҳон бозорида олтин нархи ошиши билан худди шу оғирликдаги олтин ёмбиси 3 миллион 177 минг сўмдан сотилмоқда.

Aввалроқ, Ўзбекистон халқаро захираларидаги монетар олтин ҳажми қарийб 10 тоннага ошгани маълум қилинганди. Aпрел ойи давомида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 1,5 миллиард долларга кўпайди. Бу олтин нархи тиклана бошлагани ва олтин ҳажми ошгани билан изоҳланганди.

Мавзуга оид