Бухоро вилояти прокурори Маҳмуд Шуҳратович Истамов бу лавозимга тайинланганига кўп бўлмади. Қизиғи — у илгари умуман прокуратура соҳасида ишламаган.

1979 йилда туғилган, Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос бўлган Маҳмуд Истамов меҳнат фаолиятини 2000 йилда Адлия вазирлигида катта маслаҳатчиси лавозимида бошлаган.

2006-2014 йилларда Ўзбекистон президенти девони инспектори, етакчи инспектор, 2014-2019 йилларда Ўзбекистон президенти девони Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати Сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилиш шуъбаси мудири, Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик шуъбаси мудири, адлия вазири ўринбосари, адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган.

У 2019 йил 23 июлда Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари лавозимига сайланган.

— Маҳмуд Шуҳратович, сиз умуман бошқа тизимдан, Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари лавозимидан Бухоро вилоят прокурори этиб тайинландингиз. Бу тайинлов кўпчилик учун, балки ўзингиз учун ҳам кутилмаган бўлди. Лавозимга тайинланганингиз қандай бўлган? Қандай қабул қилдингиз бу тайинловни?

— Ҳақиқатан ҳам, бу тайинлов ўзим учун кутилмаганда бўлди. Таклиф бўлди, авваламбор, ўйланиб қолдим, юрист бўлганим билан, шу ҳуқуқ-тартибот соҳасида, бошқа идораларда ишлаганим билан бу янги соҳани эплармикинман, деган фикр ҳам хаёлдан ўтди.

Лекин давлатимга қайси соҳада керак бўлсам, халққа қаерда кўпроқ фойдам, ёрдамим тегадиган бўлса, ўша соҳада ишлашга розилик билдирдим. Президент ишонч билдирганидан кейин бошқа йўл ҳам йўқ, фақат фидойилик билан, садоқат билан ҳалол-пок ишлаб, халқнинг ишончига сазовор бўлиш, бу йўлда яратганнинг ўзи қўллаб-қувватласин. Ўзи тўғри йўлдан адаштирмасин, деган ниятда иш бошладим.

— Прокуратура тизимида одатда ўзи туғилиб ўсган вилоятга прокурор этиб тайинланиши камдан-кам учрайдиган ҳолат. Сиз Бухоро фарзандисиз. Ўз юртингизда вилоят прокурори лавозимида ишлаш қийинчилик туғдирмайдими? Бухородаги энг асосий миссиянгизни нимада кўряпсиз?

— Энди қийинчилик туғдиради демайман-ку, кўпроқ менимча, масъулият юклайди. Чунки шу юрт фарзанди бўлгач, яқинлар шу юртда яшаётганидан сўнг, ҳар бир қадамингизни ўйлаб босасиз, қабул қилаётган қарорингизни адолат нуқтайи назаридан тўғри бўляптими йўқми деб, етти ўлчаб бир кесасиз, албатта.