Жаҳон | 18:53 / 20.05.2021
25062
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Марказий Осиёда ҳарбий база қуриши ҳақида яна хабарлар тарқалди

АҚШ хориждаги янги ҳарбий базалар учун 240 миллион долларгача маблағ ажратиши мумкин. Бу ҳақда Россиянинг Russia Today нашри ёзмоқда. Манбага кўра, Ўзбекистон янги иншоотлар қурилиши режалаштирилаётган мамлакатлар қаторига киради.

АҚШ армияси қуруқликдаги қўшин муҳандислар корпуси Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги 20 та давлатда ҳарбий объектлар қуриш лойиҳаси учун потенциал пудратчилар имкониятларини ўрганмоқда, деб ёзмоқда Russia Today.

Хабарда АҚШ ушбу 20 давлатда ҳарбий базалар билан бирга ишлаб чиқариш корхоналари, портлар, электр станциялари, касалхоналар, йўллар, сув тармоқлари, аэропортлар ва бошқа инфратузилма биноларини қурмоқчи. Шунингдек, лойиҳа барча турдаги самолётлар учун учиш-қўниш йўлаклари ва перронлар қуришни ҳам ўз ичига олади.

Рус нашрига кўра эҳтимолий лойиҳа учун 240 миллион доллар ажратилади ва уни амалга ошириш беш йилга мўлжалланган. Янги объектларни 20 мамлакатда, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонда ҳам қуриш режалаштирилган.

Аввалроқ, Американинг икки нуфузли нашри Wall Street Journal ва The New York Times’да АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ёки улар сонининг кескин қисқартирилиши муносабати билан минтақада келгусидаги ҳарбий амалиётларни ўтказиш ҳуқуқини олиш мақсадида Пентагон расмийлари Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Мавзуга оид