Географик жиҳатдан бир-биридан ажратилган, сиёсий жиҳатдан бўлиниб кетган ва Фаластинни озод қилиш ташкилоти (FHO) асосидаги марказий етакчилигини йўқотган Фаластиннинг барча қисмлари яна ўзаро бирлашишга киришди.

Шарқий Қуддуснинг Шайх Жарроҳ маҳалласидаги фаластинлик оилаларни чиқариб юборишга уриниш ҳаракатлари, анъанавий йиғилиш майдонининг Рамазон ойида ёпилиши, Исроил полициясининг Ал-Ақсо масжидига ҳужум қилиши ва радикал кайфиятдаги яҳудийларнинг «Арабларга ўлим» шиори билан Қуддусдаги Ҳарам-уш Шарифга қилган юриши 10 майда бошланган тўқнашувларнинг кундалик сабаблари эди.

Эндиликда ҳарбий нуқтайи назардан Исроилга қарши «тўсиқ» яратиш имкониятига эга бўлган, ижтимоий жиҳатдан том маънода оёққа туришни ифода этувчи янги куч дунёга келмоқда. Неча йиллар давомида ишғол ва апартеид амалиётларини Ғазонинг ҳукмрон кучи бўлган ҲАМАС ҳамда унинг тимсолидаги «исломий терроризм»га боғлаб келган Исроилнинг хатти-ҳаракатлари энди ҳеч бир рамкага сиғмай қолди. Бу ҳолат эса ҳатто унинг классик тарафдорлари орасида ҳам жиддий баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Қўшма операция таркибида кимлар бор?

Қаршиликнинг асосий нуқтаси бўлган Ғазода худди аввалгидек бу сафар ҳам ҲАМАС ва «Исломий жиҳод» раҳбарлигидаги қўшма операция ташкил этилди.

Қўшма марказда ҲАМАСнинг қуролли қаноти Иззиддин Қассам бригадалари, «Исломий жиҳод»нинг Қуддус бригадалари, Фаластин халқ озодлик фронти (FHKC)нинг Абу Али Мустафо бригадалари, Мужоҳидлар бригадалари, Нидал ал-Амуди батальони, Носир Салоҳиддин бригадалари, Фаластин демократик озодлик жабҳасига қарашли Миллий қаршилик кўрсатиш бригадалари, Энсар бригадалари, Абдулқодир ал Ҳусайний бригадалари, Шаҳид Жиҳод Жаброил бригадалари, Шаҳид Эймен Куд гуруҳлари ва Бўрон армияси ўрин олган.

Қўшма операция маркази Исроилга берилаётган ракета зарбаларига «Қуддус қиличи» деб ном берди.

Қаршилик кўрсатиш кучларининг қўшма операция маркази илк бор 2006 йилда ташкил этилган. 2014 йилда Исроилнинг «Ҳимоя линияси операцияси»га қарши 12та ташкилот бирлашади. 2018 йилда эса ушбу бирлашма «Фаластинлик қаршилик кўрсатиш гуруҳларининг умумий хонаси» номи остида расмийлаштирилади.

Ушбу 12 ташкилот илк бор ўтган йилнинг декабрь ойида ҳаво, денгиз ва қуруқлик элементлари бирлигида ҳарбий машғулотлар ўтказди. Ушбу машқларда учувчисиз ҳаво воситаларидан ҳам фойдаланилди. Фаластин манбаларига кўра, кўплаб масалаларда, шу жумладан, соҳанинг бўлишилиши ва ракета учириш мосламаларини жойлаштириш бўйича самарали мувофиқлаштиришга эришилган.