Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Моссад» ташқи разведка хизматига янги раҳбар тайинланди
Шу пайтгача Исроил ташқи разведка хизмати раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Давид Барнеага ташкилотни бошқариш юклатилди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Давид Барнеа «Моссад» ташқи разведка хизматининг янги раҳбари этиб тайинлаганини эълон қилди. Айни пайтда махфий хизматнинг амалдаги раҳбари Йоси Коэн ҳисобланади.
Аввалроқ, ҳукуматнинг юридик маслаҳатчиси бош вазир Нетаняҳунинг ўтиш даври ҳукуматига раҳбар тайинлаш ваколатларини тасдиқлаганди.

56 ёшли Барнеа 2019 йилдан бери «Моссад» раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. 2013 йилдан 2019 йилгача у мамлакат хавфсизлигига қўшган ҳиссаси учун ҳар йили тўрт марта мукофотланган «Цомет» бўлимини бошқарган («Прас Битахон»). Давид Барнеа 1996 йилда Моссад сафига қўшилган. Ҳарбий хизмат йилларида у мамлакат Қуролли Кучлари Бош штаби махсус кучлари сафида хизматда бўлган. Барнеа турмуш қурган ва тўрт нафар фарзанди бор.
Бош вазир Бинямин Нетаняҳу разведка хизмати олдида турган вазифалар ҳақида ҳам фикр билдирган:
«Мен бизни кўп йиллар давомида қўллаб-қувватлаб келган АҚШ билан дўстлигимизни жуда қадрлайман. Бу мамлакат миллий хавфсизлиги учун жуда муҳимдир. Айни пайтдаги вазият биздан дадил ва мустақил қарорлар қабул қилишимизни талаб қилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз Эроннинг ядро бомбаси билан қуролланишига йўл қўймаслик учун барча имкониятларни ишга соламиз. Бу бизнинг мавжудлигимиз. Бу сизнинг биринчи устувор вазифангиздир», деган у.
Маълумот учун, «Моссад» («Разведка ва махсус операциялар институти» маъносини англатади) 1949 йил 13 декабрда бош вазир Бен Гурионнинг тавсиясига биноан Марказий мувофиқлаштириш институти сифатида ташкил этилган. 1951 йилда у қайта ташкил этилиб, тўғридан тўғри бош вазирга бўйсунадиган бош вазир идорасининг бир қисмига айлантирилган. Ташкилотнинг асосий идораси Тел-Авивда жойлашган. «Моссад»нинг ўзига хос жиҳати шундаки, у Исроилнинг демократик институтларидан бутунлай ажралиб туради. Ҳеч қандай қонун унинг ролини ёки мақсадини белгиламайди. Бундан ташқари, ташкилот ҳатто Исроилнинг конституциявий қонунларидан ҳам озод қилинган. Унинг директори тўғридан тўғри ва фақат бош вазирга бўйсунади.
Ташкилотнинг тахминий йиллик бюджети 2,73 миллиард доллар атрофида бўлиб, унинг таркибида 7 мингдан зиёд киши фаолият олиб боради.
Халқаро кузатувчилар ташкилотни «чуқур давлат» деб таърифлашади. Ташкилот ҳақидаги маълумотлар 90 йилларнинг ўрталарида кенг жамоатчиликка маълум бўлган. «Моссад»нинг энг машҳур операцияси — 1972 йилда Мюнхен Олимпиадасида Исроил спортчиларини қўлга олган Фаластиннинг «Қора сентябрь» ташкилоти йўқ қилиниши деб баҳоланади. Баъзи маълумотларга кўра, Исроилнинг бош вазирлари айнан ташкилотда хизмат қилган ходимлар орасидан танлаб олинади.