– Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида ишловчиларнинг энг кўп қисми, тахминан, 120 минг нафари оилавий поликлиникалар ҳиссасига тўғри келади. Аҳоли энг биринчи навбатда шу поликлиникаларга мурожаат қилади. Бироқ бу ерда ҳам камчиликлар кўп, малакали мутахассислар етишмайди, моддий-техник база ҳаминқадар. Замонавий диагностика жиҳозлари ва замонавий лабораториялар ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.

Мутасаддилар поликлиникаларда тўғри ва сифатли ташхис қўйилса, аҳолининг кўп тармоқли ва махсус клиникаларга мурожаати камайишини айтишмоқда. Аммо, эшитишимизча, муаммони ҳал қилиш учун ғалати чора танланибди. Республикадаги кўзга кўринган илмий марказлардан бирининг раҳбари оилавий поликлиникада беморларни қабул қилиб, уларга маслаҳат бериб ўтирганини айтмоқда. Унинг асосий иши – операциялари, дарслари қолиб кетмоқда. Сизнингча, оилавий поликлиникалардаги ўнглаш учун нималар қилиш керак?

Аброр Акмалов:

– Хориж тажрибасидан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак, ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини ривожлантиришга, уларни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлашга эътибор қаратилаётганини кўришимиз мумкин. Билишимча, Ўзбекистонда ҳам хориждан олиб келинган тиббиёт ходимларини ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларига тақсимлаш режалаштирилмоқда. Тиббиётнинг қайсидир йўналишига ихтисослашган илмий марказлар, шифохоналар ва бошқа тиббиёт муассасаларида моддий-техника базаси етарли бўлмаса, шифокорлар ишлатадиган тиббий жиҳозлар етишмаса ёки умуман мавжуд бўлмаса, тиббиёт ходимлари замонавий дорилар билан таъминланмаса, хориждан энг зўр мутахассисларни олиб келган билан ҳам улар ҳеч қандай иш қила олмайди.

Бизда айрим ташаббуслар худди велосипедни қайта кашф қилишга ўхшаб қолмоқда. Бўлаётган ишлар велосипеднинг ғилдираги думалоқ бўлиши кераклиги ҳаммага маълум бўла туриб, худдики, келинглар уни тўртбурчак қилиб кўрайлик, дейилаётганга ўхшайди. Фикримча, тиббиёт соҳасида турли экспериментлар қилавермасдан, ривожланган давлатларнинг тиббиёт соҳасида йиллар давомида синовдан ўтган тажрибасини олишимиз афзалроқ.

Ўзбекистонда кимнингдир ташаббуси билан оилавий шифокорларни жорий этамиз, деб талабаларни шу йўналишда ўқита бошлашди. Ҳолбуки, бу нарса хорижда қачонлардир синовдан ўтказилиб, аллақачон йўқолиб ҳам кетган. Чет элда оилавий шифокор деган тушунча йўқ. Масалан, мен ишлаётган Саудия Арабистони подшоҳлигида умуман йўқ.