Жамият | 11:46 / 01.06.2021
59787
8 дақиқада ўқилади

Шенген визасига ҳужжат тайёрлаш, топшириш ва уни олиш тартиби: Мультивизани олиш қоидалари ҳақида

Бундан бир неча кун аввал UzbekLife колумнисти тайёрлаган Шенген визаси қандай пайдо бўлгани ҳақидаги мақола эълон қилинган эди. Бугун унинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар дарвозаси “калити” саналган Шенген визаси 90 кунгача 26 мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини беради. Хусусан, Австрия, Белгия, Венгрия, Германия, Греция, Дания, Исландия, Испания, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Лихтенштейн, Maлтa, Нидерландия, Норвегия, Полша, Португалия, Словакия, Словения, Финландия, Франция, Чехия, Швейцария, Швеция ва Эстония давлатлари Шенген шартномасига аъзо саналади. Мазкур давлатлар фуқаролари ҳамда “мультивиза эгаси” юқорида санаб ўтилган мамлакатлар ҳудудида эркин ҳаракатлана олади.

Маълумот учун: амалдаги Шенген визаси билан Албания, Болгария, Гибралтар, Кипр, Руминия ва Хорватия давлатларига бориш мумкин.

 Шу билан бирга, бир қатор мамлакат фуқароларига Шенген визаси олиш керак эмас, улар қуйидагилар:

Австралия, Андорра, Антигуа ва Барбуда, АҚШ, Аргентина, Багам ороллари, Барбадос, Болгария, Бразилия, Бруней, Ватикан, Венесуэла, Гватемала, Гондурас, Жанубий Корея, Исроил, Канада, Кипр, Коста-Рика, Македония, Маврикий, Малайзия, Мексика, Монако, Никарагуа, Панама, Парагвай, Руминия, Сальвадор, Сан-Марино, Сент-Китс ва Невис, Сербия, Сейшел ороллари, Сингапур, Уругвай, Хорватия, Чили, Черногория (Монтенегро), Янги Зеландия, Япония.

Визани қаердан олиш мумкин?

Аввало, Шенген визасига ҳужжат топшириш қоидаларига асосан, ариза топширувчи кетишни режалаштираётган ёки саёҳатининг кўпроқ қисмини ўтказадиган давлат дипломатик ваколатхонасига ариза топшириши зарур. Асосан ариза топширишни онлайн ёки телефон орқали амалга ошириш мумкин.

Шуни ёдда тутиш лозимки, Шенген визасига ариза режалаштирилган саёҳат бошланишидан камида 6 ой олдин топширилгани маъқул. Саёҳат режалари аниқ бўлиши биланоқ тайёргарликни бошлаш мақсадга мувофиқ. Шенген визаси учун аризаларни кўриб чиқиш муддати одатда 10–15 иш кунини ташкил этади. Элчихоналар ва консулликлар талаблари бир-биридан бироз фарқ қилса-да, асосий тартиблар ўзгармайди.

Ҳужжатлар рўйхати

Визани олишда айнан сиз боришни режалаштираётган аниқ бир давлатнинг элчихонаси расмий сайтидаги виза олиш тартибини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. С тоифадаги туристик виза олиш учун қонуний тасдиқланган саёҳат режаси бўлиши лозим. Ҳужжатларнинг бўлмаслиги мазкур виза учун топширилган аризага рад жавоби берилишига сабаб бўла олади.

1.    Хорижга чиқиш паспорти – бунда паспорт саёҳат бошланган кундан бошлаб 3 ойгача амал қилиши ҳамда паспортда виза уриш учун етарлича саҳифалар бўлиши шарт. Ҳар бир элчихона ўзига хос талабларга эга бўлиши ва аввал олинган визаларнинг фотосурати ёки нусхасини тақдим қилишингизни сўраши мумкин.

Маълумот учун: ички паспорт – уни тақдим қилишингиз шарт эмас, аммо ҳужжат топширгунча ўзингизда бўлиши зарур.

2.    Виза олиш учун ариза (анкета) – ушбу анкетани электрон шаклда ёки қоғоз шаклида тўлдиришингиз мумкин.

3.    Фотосуратлар – 2 дона рангли (3,5х4,5) фотосурат элчихона расмий сайтида келтирилган талабларга мос бўлиши зарур.

4.    Виза йиғими – ҳозирги кунда виза учун тўлов катталар учун 80 еврони ташкил қилади. Аммо бу нарх нисбий бўлиб, қайси давлат фуқароси эканингизга қараб ўзгаради. Бундан ташқари, агарда сиз виза маркази орқали ҳужжат топшираётган бўлсангиз, сиздан хизмат йиғими ҳам ундирилиши мумкин.

5.    Сайёҳнинг тиббий суғуртаси бутун саёҳатингиз кунларини қамраб олиши зарур. Аввал айтилганидек, кўнгилсиз ва бахтсиз ҳолатлар юз берганда, виза эгасига камида 30 000 евро миқдорида маблағ ажратилади. Диққат қилинг! Мазкур суғурта ёзма шаклда берилмайди.

6.    Саёҳат давомида яшаш жойи кўрсатилиши – мазкур ҳужжатлар тайёрлаш жараёнининг яна бир муҳим қисмларидан бири. Бунда сиз режалаштирган саёҳатнинг барча кунлари учун брон қилинган меҳмонхона ҳужжати бўлиши зарур.

Унутманг! Ушбу ҳужжатда сизнинг исм-шарифингиз (паспортдагидек), келиш-кетиш вақтлари, манзил ва тўловлар аниқ кўрсатилиши шарт!

7.    Молиявий барқарорлик тасдиқланиши шарт. Бунда банк ҳисобрақамлари, иш жойи, ойлик иш ҳақи ва маълумотномалар кўрсатилиши ва улар имзоланган санаси янги бўлиши зарур. Шенген зонасида кунлик ўртача яшаш учун маблағ давлатига қараб тахминан 40 евродан бошланади. Агарда ўзининг иш ҳақи ёки маблағи етмаса, ҳомий томонидан маълумотнома тақдим қилиниши мумкин.

8.    Яшаб турган давлатига қайтиш мақсади бор ёки йўқлиги. Асосан бу ҳолатда бориш-келиш авиачипталарини (брон қилингани ҳам) кўрсатиш кифоя. Шахсий автомобилида бораётганлар эса суғурта полиси ҳамда аниқ йўналиш маршрутини кўрсатиши талаб этилади.

Шенген визасини олишда талабгордан биометрик маълумотлар яъни бармоқ излари олиниб, унинг рақамли фотосурати Виза ахборот тизими (ВИС)га жойлаштирилади. 12 ёшгача бўлган болалардан биометрик маълумотлар олинмайди.

Ҳужжатларнинг тўлиқлигига эътибор беринг. Тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар сизнинг аризангизни рад этишга олиб келиши мумкин. Фақат керакли ҳужжатларни аризангиз билан бирга топширинг. Аризани топширишдан олдин чет элдаги дипломатик ваколатхонага бирор бир ҳужжат юборманг.

Онлайн рўйхатдан ўтиш тизимидан фойдаланишда шахсий маълумотлар тўғри киритилишига аҳамият беринг. Маълумотлардаги хатоликлар виза берилмаслигига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳозирги коронавирус пандемияси даврида Шенген визаси олиш билан боғлиқ айрим чекловлар мавжуд.

Виза олиш учун тўлов қиймати 80 еврога, 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун эса 40 еврога тенг.

Диққат қилинг! Виза берилиши рад этилганда виза учун тўлов ҳамда йиғимлар қайтарилмайди.

Шенген визаси олиш учун қисқача тавсиялар:

1. Ариза топширишдан олдин:

– Ҳамма зарур ҳужжатларни тайёрлаб қўйинг;

– Онлайн режимда бепул учрашиш вақтини белгиланг.

2. Аризани топшириш вақтида:

Биометрик маълумотлар (фотосурат ва бармоқ изларини) олиш VisaMetric қабул марказларида ўтказилиши ва қўшимча хизматлар учун пул олиниши мумкин.

3. Ариза топширилганида:

– натижаларни вебсайт орқали олиш мумкин,

– натижалар эълон қилингач шахсий паспортингизни VisaMetric қабул марказидан олиб кетишингиз мумкин. 

Диққат! Визани олгач визадаги маълумотлар, яъни:

–       Исм-шарифингиз,

–       паспорт рақамлари,

–       саёҳат саналари ва рухсатномалардаги саналар тўғрилигини текширинг! Хатолик аниқланса, визани олган элчихона (виза марказлари, консулликларга) тезда мурожаат қилинг.

Сўнгги эслатма!

        Агарда ушбу жараёнларнинг барчасидан муваффақиятли ўтган бўлсангиз, сўнгги босқич, яъни Ўзбекистон ҳудудида давлат хизматлари (масалан, коммунал хизматлар ва бошқалар)дан қарздорлик мавжуд эмаслигини MIB (Мажбурий ижро бюроси) расмий сайти орқали текшириб олинг.

Аслиддин Аннаев,

UzbekLife колумнисти

Мавзуга оид