Май ойида ўтказилган келишувларга кўра, икки давлат ўртасида «Самарқанд–Олмаота» ва «Туркистон–Тошкент» йўналишларида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилмоқда.
«Самарқанд–Олмаота–Самарқанд» йўналишида Uzbekistan Airways ва Air Astana авиакомпанияларининг ҳар бири томонидан ҳафтасига 2 марта, «Туркистон–Тошкент–Туркистон» йўналишида Air Astana авиакомпанияси таркибига кирувчи Fly Arystan авиакомпанияси томонидан ҳафтасига 2 марта қатнов йўлга қўйилади.
Икки давлат ўртасида мунтазам авиақатновлар тиклангандан буён санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя қилган ҳолда Uzbekistan Airways ва Air Astana авиакомпанияларининг ҳар бири томонидан «Тошкент–Олмаота» йўналишида ҳафтасига 7 мартадан, «Тошкент–Нур-Султон» йўналишида эса ҳафтасига уч мартадан мунтазам йўловчи қатновлари бажарилмоқда.
Шунингдек, Uzbekistan Airways ва SCAT Airlines авиакомпанияларининг ҳар бири томонидан «Урганч–Ақтау–Урганч» (ҳафтасига 2 марта) йўналишида ҳамда SCAT Airlines авиакомпанияси томонидан «Ақтау–Нукус–Ақтау» (ҳафтасига 1 марта) йўналишида мунтазам авиақатновлар амалга оширилмоқда.
«Air Astana авиакомпанияси «Олмаота–Самарқанд» йўналишидаги қатновларни 8 июндан бошлаб амалга оширади», дейилади Транспорт вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га берган маълумотида.
Эслатиб ўтамиз, «Тошкент–Дубай–Тошкент» йўналиши бўйича мунтазам рейслар сони ҳам кўпайтирилгани ҳақида хабар берилган эди.








