Ўзбекистон | 15:52 / 05.06.2021
6492
2 дақиқада ўқилади

«Сараланг ва ўрганинг» - Тошкентда пластик ва қоғоз эвазига билим берадиган лойиҳа бошланди

Сергели туманида “Сараланг ва ўрганинг” экологик ижтимоий лойиҳаси бошланди. Лойиҳа дарслари 5 ой давом этиб, болаларда чиқинди саралаш кўникмаси шакллантирилади. Унда иштирок этиш учун дарсга қоғоз ва пластик олиб бориш керак.

Бугун, 5 июн — Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунида Сергели туманида мактаб ўқувчилари учун “Сараланг ва ўрганинг” таълим лойиҳаси бошланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда.

Дастур ташаббускори Шаҳноза Ишматованинг таъкидлашича, лойиҳа ёзги таътилга чиққан болалар учун айни муддао. Июндан октябргача давом этадиган дарслар “Aтроф-муҳит, биологик хилма-хиллик”, “Соғлом овқатланиш” ва “Масъулиятли истеъмолчи” мавзуларида ўтказилади. Лойиҳа мутлақо текин бўлиб, бир ойда 8та машғулот ўтилади. Болалар ҳар бир дарсга уйда саралаб ажратилган пластик ва қоғоз олиб келишлари керак. Бундан мақсад — болаларда чиқиндиларни саралаш бўйича фойдали одатларни шакллантириш. Дарсларни ўз йўналишининг малакали мутахассислари, халқаро экспертлар ва ўқитувчилар олиб боради.

Шаҳноза Ишматованинг сўзларига кўра, ёзги таътил пайтида болалар компьютер ёки телефонда ўйин ўйнаш билан чекланиб қолмасдан, ўз вақтини фойдали ўтказишлари жуда муҳим.

“Сергелида болалар бўш вақтини унумли ўтказиши учун кўп имконият мавжуд эмас, шунинг учун биз болаларнинг янги билимга эга бўлиш, атроф-муҳитни асраш кўникмаларини ривожлантириш, ижодий тадбирларда, тадқиқот тажрибаларида қатнашишлари мумкин бўлган дастурни ишга туширишга қарор қилдик”, – дейди лойиҳа ташкилотчиси.

Маълумот ўрнида, “Hashar Week: Joy-Sergeli” лойиҳаси 2021 йил март ойида бошланган. Лойиҳа доирасида “Соф Сергели”, “Сергели китобхонлари” ўқув машғулотлари ўтказилиб, бу —аҳолининг экологик маданиятини ошириш ва шаҳар жойлари озодалигини сақлашга қаратилган.

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид