Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёдаги ташкилот раҳбари мухбир қизни ишга олиш учун тўшакка таклиф қилгани айтилмоқда
Қашқадарё вилоятидаги мутасадди раҳбарларидан бири мухбир қизни ўзи ишлаётган ташкилотга матбуот котиби қилиб ишга олиш учун уни ўзи билан «бирга бўлиши» мақсадида тўшакка таклиф қилган. Ҳолат юзасидан хизмат текшируви бошланган.
«Nasafnews» хабар беришича, Қашқадарё вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи А.Ё. 14 июнь куни ўзи ишлайдиган ташкилотга матбуот котиби сифатида ишга олиш учун фуқаро А.Г.ни ўзи билан «бирга бўлиш»га таклиф қилган. Қизнинг айтишича, бошқарма бошлиғининг бу таклифи биринчиси эмас. У аввалроқ ҳам бир неча марта шундай таклиф билдирган.
«Бу таклифни менга аввал ҳам билдирган эди. Кейин ҳазиллашдим, деб қўйди. Бир неча кун ўтгач эса яна шу мавзуда гап очди. Мен бошлиқнинг бу гапини тобора жиддий қабул қила бошладим. Ишдан кўнглим совиб, ташкилотга боргим келмай қолди», – деган A.Г.
Маълум бўлишича, бошқармада 5 ойдан бери норасмий тарзда матбуот котиби бўлиб ишлаб келаётган A.Г.га бошқарма бошлиғи A.Ё. Шаҳрисабзда ташкил қилинган «Ёшлар фестивали» да фитобар лойиҳасини ёритиш таклифи билан чиққан. Сўнг, уни Қарши шаҳридан ўз машинасида олиб кетишини айтган.
Машинага ўтирган мухбир нега ҳанузгача расман ишга олинмаганининг сабабини раҳбардан сўраган. Раҳбар эса «Мен билан бир кеча қоласизми?» дея таклиф киритган. Мухбир нима учун қолиши сабаби билан қизиққан. Раҳбар «эркаклар билан бир кеча қолган вақтда нима қилишни билмайсизми?» деган. Шундан сўнг, мухбир машинадан тушириб қолдиришларини сўраган.
«Яна шу ҳақда очиқчасига ҳайдовчисининг олдида уялмай гап очганида у жиддий гапираётганини тушундим ва бу ерда бошқа ишламасликка қарор қилдим. Очиғи, менга қилинган бу муносабатдан сўнг, ҳамма ёш, ўқиб, ишлаб, карьера қиламан, деган қизларга нисбатан раҳбарлар шунақа муносабатда бўлар экан, деб кечгача йиғлаб ўзимга кела олмадим. Шок ҳолатидаман. Наҳотки, мен шунақа қиз бўлсам. Юриш-туришим, ўзимни тутишимда бирор камчилик бўлса, атрофимдагилар айтишган бўларди. Унақа тарбия олмаганим учун бу ҳолат руҳиятимга шунақа таъсир қилди, ҳалигача ўзимга кела олмаяпман», – деган қиз.
Қайд этилишича, қиз орадан бир неча кун ўтиб, раҳбарнинг ўзига қилган муомаласи ҳақида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот котиби Отабек Ашуровга хабар берган. Қизнинг қўмита матбуот котибига чиққанидан Қашқадарё вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси масъул ходимларидан бири ҳам хабар топиб, мухбирни тинчлантиришга уринган. Бошқарма масъул ходими мухбирга аввалига қўнғироқ қилган, кейин смс хабар ёзиб, бошқарма бошлиғининг укаси «катта жойда ишлашини» ва тинч юрмаса, ўзига қийин бўлишини айтган.
Kun.uz мазкур ҳодиса юзасидан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот котиби Отабек Ашуров билан боғланди. Матбуот котиби ҳақиқатдан қиз Қўмитага мурожаат қилганини билдирди. Унинг айтишича, Қашқадарё вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси раҳбарининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Бугун Қўмита мутасаддилари ҳолатни тафтиш этиш учун Қашқадарёда бўлишади.
«Суриштирув ўтказилгандан сўнг, бошқарма раҳбари ва қизга таҳдид қилгани айтилаётган ходимнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилади», - деди.