Ногиронлиги бор шахсларга бўш иш ўринларини топиш ва иш берувчиларга ногиронлиги бўлган ходимларни ишга олишда ёрдамлашадиган ishplus.uz портали ишга тушди.
“Фаолиятимиз давомида бизга иш топиб бериш бўйича жуда кўп мурожаатлар бўлади. Қандай қилиб уларга ёрдам бериш ҳақида ўйлардик. Ва ishplus.uz ғояси пайдо бўлди. Ғоя ташаббускори ва раҳбари Дилмурод Юсупов бўлади.
Веб-порталимизнинг яна бир афзаллик томони, у турли ҳолатдаги жисмоний имконияти чекланган инсонларга мослаштирилган. Кўриш, эшитиш каби имконияти чекланган инсонлар бемалол фойдаланишлари мумкин”, — деди Тошкент шаҳар “ШAРОИТ ПЛЮС” ногиронлар жамоат бирлашмаси раиси Муҳаббат Раҳимова лойиҳа тақдимотида.

Маълум қилинишича, лойиҳа ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Меҳнат вазирлиги кўмаги асосида ташкил қилинган. Лойиҳа учун 5 минг доллар миқдорида грант ажратилган.
Лойиҳа раҳбари Дилмурод Юсупов Ishplus.uz сайтининг қандай ишлаши билан таништирди.
Юсуповнинг айтишича, портал барча тоифадаги ногиронлиги бор шахслар учун мўлжалланган. Унинг кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун алоҳида версияси бор. Сайтда иш берувчилар рўйхати бўлиб, рўйхатга ўзи ва қандай ходимга талаб борлиги ҳақидаги маълумотлар жойланган. Шунингдек, иш берувчи талабида ишчининг ногиронлик белгилари ҳам кўрсатиб ўтилади. Иш изловчилар сайт орқали маълум бир иш ўрнига резюме жўнатишлари мумкин.
77-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб интернати ўқитувчиси Баҳодир Қурбонов ногиронлиги бор шахсларга бериладиган маълумотномалардаги камчиликлар ҳақида тўхталди.

“Ногиронлиги бор инсонларга 1- ёки 2-гуруҳ ногиронлиги тўғрисида маълумотнома берилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай фуқароларга ишга нолойиқ деб маълумотнома бераётган экан. Шундай ногиронларимиз борки, жисмоний меҳнатга лаёқатли. Шундай ногиронларимиз борки, ақлий меҳнатга лаёқатли. Шунинг учун уларга ногиронлик маълумотномасини бераётганда шу нарсаларга эътибор қилишни сўрардим. Чунки сизнинг бераётган маълумотингизга қараб қолган давлат ташкилотлари, тадбиркорлар ишга олади”, — деди Баҳодир Қурбонов.









