Маълум қилинишича, ушбу қонун дастлабки тарзда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари аъзолари, экспертлар, мутахассислар иштирокида ўрганилган ва дастлабки тарзда кўриб чиқилган.

Юқори палата вакиллари таъкидлашича, қонуннинг мақсади виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг қонуний механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини такомиллаштиришдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 4 май куни Қонунчилик палатаси депутатлари «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилганди.

Маълумотларга кўра, лойиҳа эълон қилинганидан буён (2020 йил август ойида) аҳоли, халқаро ташкилотлар ва маҳаллий экспертлар томонидан 700дан ортиқ таклиф келиб тушган. Лойиҳа қўмита ва партиялар фракцияларида ҳам кенг муҳокама қилинган. Депутатлар янги қонун лойиҳасида аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири – фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чекловни олиб ташлаган.

Лекин янги таҳрирдаги қонунда ҳам хусусий диний таълимга қўйилган чекловлар сақланиб қолмоқда. Бу жамоатчилик фаоллари ва диний уламолар томонидан норозиликка сабаб бўлган.

Депутат Расул Кушербаев эса қонун муҳокамасида «Миллий тикланиш» партияси диний таълимни кенгайтириш таклифига қаршилик билдирганини маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон расмийларининг илтимосига кўра, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа кенгашининг Венеция комиссияси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ўрганиб чиқиб, қўшма хулоса берган.