– Ер фақат аукцион орқали ажратилиши анча олдин бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўйилган эди. Янги қабул қилинган фармон билан амалда нималар ўзгармоқда? Янги тартиб аввалгисидан қандай фарқли жиҳатларга эга?

– Ер бу – капитал, бугунги кунда биз уни бозор активига айлантириш бўйича иш олиб боряпмиз. Эндиликда фармон билан маҳаллий ҳокимликлар томонидан ерни доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш ҳолатлари бўлади. Ерга нисбатан мулк тариқасида қаралмасдан, вақтинча фойдаланиш учун бериб келинарди. Энди эса олдин амалда бўлган 6 кўринишдан 3таси бекор қилиниб, ерни мулк ҳуқуқи ва ижара асосида бериш тартиблари янгидан амалиётга жорий қилинмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, ер мулк қилиб берилса, фуқарода банкдан кредит олиш учун уни гаровга қўйиш ёки ерни сота олиш каби ҳуқуқлар пайдо бўлади. Энг асосийси, аукцион орқали сотилган ердан тушган маблағ давлат иқтисодиётини ривожлантириш учун ишлатилади.

Қишлоқ хўжалик ерларидан ташқари ерларни аукционга қўйиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги 1023-сонли қарори ва низоми қабул қилинган. Низом асосидаги тартиб сақланиб қолади. Ер майдонларини аукцион орқали сотиш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ҳозиргача 55 949та, яъни 3 минг гектар ер майдони E-auksion тизими орқали киритилган, 26 мингдан зиёд ёки 46 фоизини аукционга чиқариш чоралари кўрилмай қолган.

Аукцион тизими 2 йилдан бери ишлаб келяпти, лекин унда айрим муаммоларга дуч келиняпти. E-auksion тизими орқали чиқаришда бир қатор мутасадди идоралардан келишиш учун чиқарилади. Шу жараёнда ташкилотлар келишмасдан рад қилиш, яна аукционга қўйиш каби ҳолатлар кўп учрамоқда.

jkV3zIQaCcBNI3s1V6xXWx2gplSU2aId.jpg (808×497)
Азим Сатторов

2021 йил 16 июнь ҳолатига, республика бўйича “YERELEKTRON” ахборот тизимига киритилган 26 016та ер участкасини аукционга чиқариш чоралари кўрилмаган. Жумладан, Қашқадарёда 3 573, Тошкентда 2 878та, Наманганда 2 619, Сурхондарёда 2 594, Хоразмда 2 253, Бухорода 2 024, Фарғонада 1 999, Самарқандда 1 871, Андижонда 1 459та, Қорақалпоғистонда 1 237, Навоийда 1 158, Жиззахда 1 027, Сирдарёда 741, Тошкент шаҳрида 583тани ташкил этади.

Шунингдек, ер ажратиш қатъий аукцион орқали қонунчилик билан белгиланган бўлишига қарамасдан, 1331та ҳолатда ер майдонлари ҳокимлар томонидан республика бўйича аукцион орқали сотилмасдан, тўғридан тўғри бериб юборилган. Ушбу ер майдонлари Андижонда 326, Хоразмда 261, Қашқадарёда 248, Сурхондарёда 165, Наманганда 116, Сирдарёда 48, Жиззахда 33, Фарғонада 32, Тошкент шаҳарда 21, Самарқандда 16, Тошкентда 13, Навоийда 8 ва Бухорода 8тани ташкил этади.