17:24 / 28.06.2021
17635

Иккита электроскутерлик бўлган жуйдамлик Қаҳрамон ака саховатпеша инсонларни дуо қилмоқда

Kun.uz Фарғона шаҳрининг Жуйдам маҳалласида умргузаронлик қилиб келаётган Қаҳрамон Аҳмедов ҳақида лавҳа эълон қилган эди. Бу лавҳани кўрган ортидан кўплаб саховатпеша ҳамюртларимиз жисмоний имкониятлари чекланган Қаҳрамон акага ёрдам қилиш ниятида эканликларини айтишди.

Яхши инсонлар туфайли Қаҳрамон аканинг азалий орзуси ушалди: унга бир эмас икки скутер олиб берилди. 16 йил унга хизмат қилиб келган араваси ёнига замонавий 2 скутер қўшилди.

«Тошкент шаҳридан келишиб электроскутер ташлаб кетишди. Америкада яшовчи ҳамюртимиз ҳам шундай скутер учун пул жўнатди. Эҳсонлари қабул бўлган бўлсин. Умрлари узоқ бўлсин. Мурод-мақсадларига етишсин. Аввалгидан кўра ҳозирги ҳолатим анча яхши. Бозорга бориб келиш учун авваллари бир ярим соат вақт сарфлар эдим. Энди эса ярим соатда бориб келяпман», — дейди Қаҳрамон Аҳмедов.

У айни пайтда электроскутерларини бирини «заряд»га қўйиб, иккинчисини ҳайдаб алмашиб миниб юрибди.

«Заряди тугаганини уйга қўйиб, иккинчиси миняпман. Скутерни бошқаришда қийинчилик йўқ, Аллоҳга шукр. Лавҳадан кейин Америка, Россия ва бошқа чет давлатларда яшайдиган ҳамюртларимиздан қўнғироқлар бўлди. Пул жўнатган одамларга мингдан минг раҳмат айтиб қоламан. Скутердан ортиб қолган пулга қурилиш материаллари ҳам сотиб олдим. Хурсанд бўлганимдан яйраб ҳаммаларини дуо қилиб миниб юрибман. Мени хурсанд қилганларни Яратган хурсанд қилсин», — дейди Қаҳрамон ака жўшиб.

Кўча-кўйда Қаҳрамон акани скутер ҳайдаб юрганини кўрган маҳалладошлари уни табриклашиб, эҳсон қилганлар ҳаққига дуо қилишар эди. Қаҳрамон ака эса ўзида йўқ хурсанд. Унинг ортиқча жисмоний куч сарфлаб, иссиқларда кўча кезган кунлари ортда қолди.

Рафиқаси Ҳафиза опага ҳам лавҳа ортидан ҳокимият томонидан тикув машиналари олиб берилибди. Мутасаддилар оиланинг янги бир муаммосига эътибор қаратишган: улар яшаётган ҳовлининг кадастр ҳужжатлари ҳам тайёр бўляпти. Асосийси, Қаҳрамон аканинг оғири енгил бўлиб, қийинчиликсиз бозорга бориб келяпти.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top