Интервьюда Абдулазиз Комилов америкалик суҳбатдошнинг: “АҚШ нима учун Марказий Осиёга қизиқиши керак?” деган саволига жавоб қайтарди.

“Биласизки, сўнгги вақтларда Марказий Осиёда геосиёсий жиҳатдан жуда муҳим ўрин тутмоқда. Чунки Марказий Осиё – Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Покистон каби йирик минтақавий ўйинчилар учун қизиқарли ҳудуд. Иккинчидан, бизда кўплаб табиий ресурслар бор. Шунингдек, бу ер – Шарқ ва Ғарб ўртасидаги чорраҳа ҳисобланади.

Қолаверса, биз Афғонистон тарафдан терроризм ва экстремизм каби хавфларга юзлашмоқдамиз. Бу каби барча муаммолар фақатгина соф халқаро ҳамкорлик доирасида ҳал қилиниши мумкин.

Албатта, Марказий Осиёда кўплаб қудратли кучларнинг ўз шахсий манфаатлари ҳам бор. Шунинг учун, биз ҳозирги кунда Марказий Осиё муҳим геосиёсий марказ бўлиб қолганини таъкидлаймиз”, – деди вазир.

Комилов Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан сиёсати ҳақида ҳам тўхталди.

“Эътибор берган бўлсангиз, бизнинг ташқи сиёсатимизда устувор йўналиш қўшниларимиз билан конструктив ва дўстона муносабат ҳамда яқин ҳамкорлик қилишга берилади.

[...] Бир тарафда бизда Марказий Осиёнинг маркази бўлиш каби ноёб позициямиз бўлса, яна бир тарафдан қўшни давлатларнинг барчаси билан алоҳида ҳал қилиниши керак бўлган кўплаб муаммолар бор. Сўнгги уч йилда биз минтақада сув тақсимоти, энергия ресурслари, чегараларни аниқлаштириш каби кўплаб мураккаб ва нозик муаммоларни еча олдик.

Биз ҳозир Марказий Осиёда янги сиёсий муҳитни ярата олдик. Президент Мирзиёев доимий равишда Марказий Осиё раҳбарлари саммитини ўтказиб боришни таклиф қилди. Биз буларнинг бир нечтасини ўтказдик, балки кейингиси Туркманистонда бўлиши мумкин”, – деди Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг лидери мақомига даъво қиладими? Дастур муаллифининг навбатдаги саволи шундай янгради.

“Биласизми, биз ўз зиммамиздаги масъулиятни англаймиз. Бироқ минтақада алоҳида мавқедаги ўйинчига ёки лидер мамлакатга айланиш истагимиз йўқ.