Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “This Is America TV” телевизион лойиҳасининг Ўзбекистонга келган муаллифи Деннис Вулига интервью берди.

Америкалик журналист билан суҳбатнинг катта қисмида Афғонистон муаммоси ҳақида сўз боради. Kun.uz суҳбатнинг ушбу қисмини ўзбек тилига ўгирди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Афғонистондаги қуролли мухолифат ва расмий ҳукумат муросага келиши осон кечмайди. Комиловнинг фикрича, халқаро ҳамжамият улар келишувга эриша олиши учун фақат расмий ҳукуматни қўллаб-қувватламасдан, ҳар иккала тарафга ҳам ёрдамлашиши керак.

— Сизлар Афғонистон билан чегарадошсизлар. Бу ниҳоятда муҳим мавзу. Келинг, шу ҳақда гаплашайлик. АҚШ 11 сентябргача ўз аскарларини олиб чиқиб кетмоқчи. Бу ҳақда ўйлаганда нимани ҳис қиляпсиз?

— Бизнинг минтақа борасидаги нуқтайи назаримиз фарқ қилади. Бу ҳақда гапиришдан олдин шуни айтишни истардимки, биринчидан, Афғонистондаги муаммони ҳарбий йўл билан ечиб бўлмайди. Иккинчи муҳим жиҳат, Афғонистон Марказий Осиёнинг уйғунлашган бир бўлаги бўлиши керак. Бу – ягона ва яхлит минтақа.

Учинчидан, Афғонистонда тинчликка эришиш масаласига минтақавий ва халқаро миқёсдаги умумий ёндашув зарур. Шунинг учун биз – у Доҳада бўладими, Туркиядами ёки бошқа жойдами – музокараларнинг барча форматларини қўллаб-қувватлаймиз.

Ўзбекистон “Толибон” вакиллари билан тўғридан тўғри алоқалар ўрнатган биринчи мамлакат бўлди. Очиғини айтганда, ўша вақтда бу “Толибон”ни тан олиш деб ҳисоблаб, бизни танқид қилишди. Ваҳоланки, бу [“Толибон”] – реал оппозиция.

Масала шундаки, Афғонистонда сиёсий тизим қандай бўлади? Албатта, биз 90-йилларда юзага келган Афғонистон Ислом Амирлигини қабул қила олмаймиз. Шу билан бирга, биз бу муаммо амалдаги ҳукумат ва қуролли мухолифат – “Толибон” ва бошқалар ўртасидаги ўзаро муроса орқали ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз.

Бу нимани англатади? Бу шуни англатадики, айрим жиддий исломий қоидалар албатта бўлиши керак. Бу исломий давлат бўлади, чунки аҳолининг катта қисми – мусулмонлар. Айни пайтда, биз охирги 9 йилда эришилган демократик ютуқларни ҳам инкор қила олмаймиз. Масалан, амалдаги ҳокимият, сайловлар, қуролли кучлар, хавфсизлик кучлари, аёллар ҳуқуқлари, қизлар ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти ва бошқалар. Шулар билан бир вақтда, биз исломий қадриятларни ҳам ҳурмат қилишимиз лозим.