Ўзбекистон | 07:47 / 05.07.2021
3146
1 дақиқада ўқилади

Навоийда тақиқни бузган овчилар жаримага тортилди

2021 йилнинг 2 июль куни Конимехдаги Кўкча овули ҳудудида туман экология инспекцияси давлат инспекторлари томонидан тезкор назорат рейд ўтказилган ва ноқонуний ов қилиб юрган шахслар ушланган. Бу ҳақда Kun.uz'га Навоий вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, Кармана туманида яшовчи 2 нафар фуқаро ов тақиқланган давр бўлишига қарамай, «Nexia» машинасига ўрнатилган қўлбола тунгги ёритгич ҳамда 12 калибрли ов қуролида 7 дона қуён ва 2 дона какликни овлашган.
  
Тақиқни бузган овчиларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 6 миллион 125 минг сўм табиатга етказилган зарар белгиланган. Шунингдек, ов қуроли белгиланган тартибда олиб қўйилиб, «Nexia» машинаси жарима майдонига жойлаштирилган.

Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлар бўйича Конимех туман судига юбориш учун тайёрланмоқда.

Олдинроқ Айдар-Арнасой кўллар тизимида ноқонуний балиқ овлаганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

Мавзуга оид