Ўзбекистон | 14:17 / 05.01.2023
15137
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда овчилар экология инспекторига жароҳат етказди

Овчилар Пахтакор тумани Экология бўлими давлат инспекторининг ноқонуний ов қилмаслик бўйича талабига жавобан, уни ўз автомобилида олиб кетиб, тан жароҳати етказган ҳолда Зафаробод тумани марказига ташлаб кетишган.

Фото: KUN.UZ

Жиззах вилояти Пахтакор тумани экология давлат инспекторига нисбатан овчилар томонидан тан жароҳати етказилди. Бу ҳақда Экология қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Исматилла Дўстмуродов Kun.uz’га маълум қилди.

Унга кўра, 2023 йил 2 январ куни Жиззах вилояти Пахтакор тумани экология бўлими давлат инспекторларига тумандаги Акмал Икромов СИУ ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги раҳбари томонидан ҳудудда ноқонуний ов қилиш ҳолатлари кузатилаётгани ва ушбу овчиларга нисбатан қонуний чора кўрилиши сўраб мурожаат қилинади.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида Пахтакор тумани экология давлат инспекторлари Ҳ.Сувонқулов ва Б.Мелиевлар ушбу фермер хўжалиги ҳудудига 2023 йилнинг 2 январ куни тахминан 15:30 лар атрофида етиб боришади. Ҳудудда оқ рангли давлат рақами 25 В 024 ГА белгили Nexia-1 русумли автоуловда уч нафар шахс ов қуроллари билан ов қилиб юрган ҳолати аниқланади. Шундан сўнг инспекторлар томонидан овчилардан тегишли ҳужжатлар сўралганда, улар давлат инспекторларига қаршилик кўрсатиб, ҳужжатларни тақдим этмасдан автоуловни ҳаракатлантиришни бошлайдилар. Инспектор Б.Мелиев автоуловнинг орқа эшигини очиб, уларни тўхтатишга уринади. Лекин инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмаган овчилар инспектор Б.Мелиевни автоулов салонига тортиб олиб, уни Зафаробод туманига томон ҳаракатлантириб кетади.

Давлат инспектори Х.Сувонқулов автоулов орқасидан кузатиб боради ва инспектор Б.Мелиевнинг тан жароҳати етказилган ҳолда Зафаробод тумани марказига ташлаб кетилгани гувоҳи бўлади.

Таъкидланишича, айни пайтда овчиларнинг шахсини аниқлаш ва уларга нисбатан қонуний чора кўриш учун вилоят ИИБ томонидан суриштирув ишлари бошлаб юборилган. Давлат инспектори Б.Мелиев эса РШТТЁМ Жиззах вилояти филиалида тиббий ёрдам олмоқда. 

Мавзуга оид