Жамият | 15:55 / 05.07.2021
4160
2 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ва ҳокимлик бош юрисконсулти тадбиркорнинг биносини ноқонуний бузгани учун жаримага тортилди

Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ва ҳокимлик бош юрисконсулти тадбиркорнинг биносини ноқонуний бузгани учун суд томонидан жаримага тортилган. Бу ҳақда вилоят Бизнес-омбудсман девони бош инспектори Шероз Шодиев Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йил 8 май тунги соат 2:00ларда Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи, шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсулти Қарши шаҳрида яшовчи тадбиркорнинг мулки бўлган бино олдига келиб, унга қўнғироқ қилишган. Унга қураётган биносини бузиб олишини айтишган. Тонг отгач махсус техника олиб келиб бинони ноқонуний бузиб ташлашган.

Шундан сўнг тадбиркор вилоят Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилиб, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун амалга ошираётган қурилиш ишлари ноқонуний тарзда махсус техника ёрдамида буздириб ташланганини айтиб кўмак сўраган.

Вилоят Бизнес-омбудсман девони томонидан аниқланишича, Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ҳазратов ва шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсулти Зуфар Исмоиловнинг бевосита кўрсатмаси асосида шаҳарнинг «Хўжахиёл» МФЙ, Қарлиқбоғот кўчасида тадбиркор томонидан амалга оширилаётган қурилиш ишлари суднинг тегишли қарори бўлмасдан туриб, бузиб ташланган.

Таъкидланишича, ушбу қонунбузилиш ҳолати юзасидан Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ва ҳокимлик бош юрисконсултига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар кўриб чиқилиши учун судга тақдим қилинган.

Жорий йил 23 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида мазкур иш юзасидан очиқ суд мажлиси бўлиб ўтган. Суднинг қарори билан Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ҳазратов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонуннинг 241-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 4,9 миллион сўм (БҲМнинг 20 баробари миқдорида) жарима қўлланган.

30 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида эса шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсулти Зуфар Исмоилов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонуннинг 241-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 2 миллион 450 минг сўм (БҲМнинг 10 баробари миқдорида) жарима жазоси қўлланган.

 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид