Turkmen.News нашри ўз манбасига таянган ҳолда Сарҳадобод шаҳри аҳолиси отишма овозларини эшитгани, овозлар чегаранинг Афғонистон томондаги Тургунди посёлкасидан келгани ҳақида хабар берди.
Айрим манбаларга кўра, бир кун олдин чегара томонга ҳарбий юк машиналари ва туркман армияси контингенти йўл олган.
Turkmen.News манбаси маълумотларига кўра, туркман зобитлари ўз оилаларини чегара ҳудудидан эвакуация қилишга киришган.
Юзлаб афғон ҳарбийлари толиблар ҳужумидан Тожикистонга қочиб ўтмоқда
Афғон-туркман чегарасидаги «Акина» назорат-ўтказув пункти бир неча кундан буён ёпиқ турибди. Туркманистон ҳукумати чегаранинг Афғонистон томонидаги ҳудудлар толиблар назоратига ўтаётгани муносабати билан шундай қарор қабул қилган.
«Акина» пункти орқали Туркманистондан Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериларди, шу туфайли чегара зонасидаги афғонлар озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги муаммосига дуч келмоқда.
Расмий Душанбе ҳам оммавий сафарбарлик эълон қилган. Захирадаги 20 минг киши Тожикистон ва Афғонистон чегарасига йўналтирилган.
Шунингдек, интернетда толиблар Эрон билан чегарадаги «Ислом-Қалъа» назорат-ўтказув пунктидан афғон байроғини ечиб олаётгани тасвирланган видео тарқалди.
Бу пункт орқали юклар ўтказилиши Афғонистон хазинасига ўртача 20 миллион доллар келтирарди.
Шу вақтгача толиблар асосан чекка туманларни жангсиз эгаллаб келишаётганди, энди эса ҳаракат аъзолари мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Қандаҳорни эгаллаш учун ҳужум бошлаган.
Толиблар мамлакат ҳудудининг 85 фоиз қисмини назорат қилишаётганини маълум қилишган, аммо бу маълумотни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ.



















